10:01 / 19.05.2021
37188

Москвага учаётган йўловчи Урганч аэропортида самолётдан тушириб юборилди

Фото: KUN.UZ

Сурхондарё вилоятида истиқомат қилувчи С.М. 12 май куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрига учиб кетиш учун Урганч халқаро аэропортига борган. Бироқ ниятини амалга оширолмаган.

У рўйхатдан ўтиб, Red Wings авиакомпанияси ҳаво кемасига ўтирган, багажи ҳам юкланган. Аммо парвоздан бир неча дақиқа олдин самолётдан тушириб юборилган. 

Шундан сўнг, С.М. ижтимоий тармоқларда аэропорт ходимларининг хатти-ҳаракатлари ноқонуний бўлгани, жумладан, самолётдан тушириб юбориш учун сохта баённома расмийлаштирилгани ҳақида хабар қолдирган.

Урганч халқаро аэропорти маъмурияти хабарига кўра, йўловчининг самолётдан тушириб юборилишига Россия Федерацияга кириши тақиқлангани ҳақидаги маълумот сабаб бўлган. Бу маълумот нисбатан кеч, С.М. самолётга ўтирганидан кейин етиб келган. Аэропорт ходимлари йўловчининг Россия Федерациясидан депортация бўлиши олдини олиш мақсадида, уни ҳаво кемасидан тушириб юборишган.

«Урганч халқаро аэропорти фақат йўловчи ва ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш ваколатига эга, аэропорт ходимлари Россия Федерациясига йўловчиларни киришга тақиқи борлиги тўғрисида маълумотга эга эмас. Бундай маълумотлар, авиакомпания вакиллари орқали етказилади ва ундаги талаб бажарилади», дейилади хабарда.

Top