16:45 / 21.05.2021
7452

Кўз нурини асраш, мактабда ўқувчилар назорати: Ўзбекистон ёшлари яратаётган дастурлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан ўтказилаётган “Urban.Tech Uzbekistan” ҳакатон мусобақаси давом этмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Ҳакатон мусобақасида иштирок этаётган дастурчилар жамоалари 72 соат давомида ташкилотчилар томонидан берилган кейсларга замонавий, креатив ва инновацион ғоя ҳамда ечимларни тақдим этишмоқда. Ғоя ва ечимлар тренерлар, менторлар томонидан ўрганилади ва муносиб топилган лойиҳа муаллифлари рағбатлантирилади.

Kun.uz мухбири мусобақа иштирокчилари билан суҳбатлашиб, улар яратаётган инновацион дастурлар билан қизиқди.

Асадбек Рўзиев, мактаб ўқувчиси, 16 ёшда:

“Бугунги “Urban.Tech Uzbekistan” ҳакатонида биз соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳаёт йўналишларида ўз дастуримиз билан иштирок этяпмиз. Биз яратаётган иловадан гаджетларда ҳам, компьютерда ҳам фойдаланиш мумкин. Бугунги ижтимоий ҳаётда ҳаммамиз телефонлардан жуда кўп фойдаланамиз. Бу инсон кўз нурига қаттиқ таъсир қилади. Кўзларни асраш мақсадида ишлаб чиқиладиган илова вақти билан сизни қизиқтираётган бошқа иловаларни блоклайди ёки маълум вақтда кўз гимнастикалари ҳақида эслатиб туради. Бу иловани яратишда 4 кишидан иборат жамоамиз билан ишладик”.

Моҳинур Абдураҳимова, талаба, 19 ёшда:

“Бизнинг лойиҳамиз фан ва таълим йўналишида яратилмоқда. Жамоамиз номи “Фазо”. Жамоамиз билан мактаб таълимини ривожлантиришга қаратилган дастурни яратяпмиз. Дастур асосида синфхоналарга ўрнатилган камералар ўқувчиларни фанлардан қандай ўзлаштираётганини назорат қилиб, бевосита ота-оналарга смс-хабарнома тарзида етказади. Бунда синфда нечта ўқувчи бўлса, уларнинг ҳар бири алоҳида назорат қилинади. Бола неча марта жавоб берди, қандай ҳаракат қилди – ҳаммаси ҳақида маълумот берилади. Бу эса, ўз ўрнида, ота-онанинг фарзандига, унинг таълимига нисбатан эътиборини оширади. Дастур орқали маълум муддатдан сўнг бутун Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, жараёнда фақат ўқувчиларни эмас, ўқитувчиларни ҳам кузатиш, уларга баҳо бериш ва рағбатлантириш имкони бўлади”.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳакатон эртага ўз ишини якунлайди ва ғолиб жамоалар 35 млн сўм миқдорида пул мукофотлари билан рағбатлантирилади. Муносиб топилган лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланади ҳамда жорий қилинади.

Top