Жамият | 16:52 / 02.06.2021
5280
4 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг расмий очилиши бўлиб ўтди

31 май куни Жанубий Кореянинг Инчон шаҳри ҳудудидаги янги инновацион, смарт шаҳарча ҳисобланган Сонгдода биринчи маротаба Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси (WAYU)нинг расмий ваколатхона сифатида очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган Uzbeklife мухбири Феруза Авазова хабар берди.

Эндиликда ушбу уюшма Корея ҳудудида янги нодавлат нотижорат ташкилот сифатида фаолият олиб боради. Ушбу ташкилотнинг очилишида Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси (Тошкент шаҳри), Корея-Ўзбекистон бизнес ассоциацияси, Инчон шаҳар ҳокимияти яқиндан кўмак берди. Тадбирнинг очилиш маросимида ҳам ушбу ваколатхонанинг очилишида кўмаклашган барча расмий идоралар вакиллари, шунингдек, Кореяда яшаб, меҳнат қилаётган фаол ёшлар ҳам иштирок этишди.

Ҳозирда WAYU’га аъзо бўлган ёшлар сони 20 нафарни ташкил қилади. Ташкилот Корея Республикасида яшаб, таҳсил олаётган ёшлар маълумотлар базасини шакллантириш, икки давлат ОТМлари билан мустаҳкам алоқаларини ўрнатиш, Корея Республикасидаги ёшлар фаолиятига оид тегишли идоралар билан ҳамкорлик қилишда давом этади. Шу билан бирга, «Корея тажрибаси» лойиҳаси орқали Кореяда катта муваффақиятга эришиб келаётган ибратли ёшларимиз билан таништириб боради.

Жан Же Хак, Инчон шаҳри ҳокимиятининг халқаро алоқалар бўлими элчиси:

– «Мен Инчон шаҳрининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Жан Же Хак бўламан. WAYU, яъни Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг ваколатхонаси очилгани билан табриклайман. Ҳаммамизга маълумки, давлатларимиз узоқ йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келади ва Ўзбекистон Республикасида кўп сонли этник корейслар яшаб келаётгани ҳам бунинг асосий далилларидан бири ҳисобланади. Умид қиламанки, келгусида ушбу уюшма икки давлат ўртасида ёшларни бирлаштирувчи куч бўлиб, янада юқори марраларга эришади».

Шаҳзод Турғунбоев, Хангук Чет тиллари университетининг битирувчиси, WAYU’нинг Кореядаги вакили:

– «Бугун ассоциациямиз расмий ННТ сифатида расман очилмоқда ва мен бундан жуда ҳам мамнунман. Ваколатхонамизда асосан Кореядаги ёшлар билан елкама-елка ишлаш, академик ва ижтимоий томондан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз – Ўзбекистон учун барча жабҳаларда етук кадрларни тайёрлашда ўз ҳиссамизни қўшишдир».

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасига кўра, ёшлар сиёсати соҳасида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон фуқароси бўлган ва хорижий мамлакатларда ўқиётган ҳамда меҳнат қилаётган ёшлар билан тизимли иш олиб бориш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида «Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси» нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилган.

Кейинчалик ушбу ассоциациянинг турли давлатлардаги вакилликлари ташкил этила бошлади. 2021 йилда эса Корея Республикасида биринчи расмий ваколатхона нодавлат нотижорат ташкилот сифатида Инчон шаҳрида рўйхатдан ўтди.

Феруза Авазова,
Uzbeklife’нинг Жанубий Кореядаги мухбири

Феруза Авазова
Тайёрлаган Феруза Авазова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид