Ўзбекистон | 13:52 / 03.06.2021
4810
2 дақиқада ўқилади

4 ойда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2000дан ортиқ ҳолат аниқланди

Фото: KUN.UZ

2021 йилнинг 4 ойи давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди, ўсимлик дунёсига етказилган зарар 4 млрд 988 млн сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов маълум қилди.

«1313 туп қимматли дарахт ноқонуний равишда кесилгани, 619 туп дарахт шикастлантирилгани юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 млрд 514 млн сўм маъмурий жарима белгиланиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 4 млрд 988 млн сўм миқдорида ҳисобланди», дейди у.

Маълум қилинишича, шу даврда аниқланган жами ҳуқуқбузарликларнинг 113 та ҳолати маҳаллий даражадаги мансабдор шахслар иштирокида содир этилган.

Бундан олдин, Сергели–Қўйлиқ ер усти метроси қурилишида 785 та дарахт бошқа жойга кўчирилиши хабар қилинганди

Кўчириш имкони бўлмаганда эса кесишга рухсат берилган. Кесиладиган ҳар бир дарахт учун компенсация сифатида 10 туп кўчатларни экиш ва икки йил парваришлаш мажбурияти юклатилади.

Маълум бўлишича, мораторий даврида жами 5 609 та жисмоний ва юридик шахслар томонидан 258 029 туп дарахт ва буталарни кесишни сўраб мурожаат қилинган. Давлат экология қўмитаси томонидан 182 648 туп дарахтларни кесиш учун рад жавоби берилган.

Мавзуга оид