Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, экологик муҳитни соғломлаштириш ва аҳоли учун қулай микроиқлим яратиш мақсадида сунъий кўллар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда, деб хабар берди Экология қўмитаси.
Лойиҳа доирасида шаҳарда сувли майдонлар ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чангланиш даражасини камайтириш ҳамда экологик инфратузилмани ривожлантириш кўзда тутилган.
Жумладан, Чилонзор туманидаги «Бешёғоч», Сергели туманидаги «Хонободтепа» ва «Қумариқ», Юнусобод туманидаги «Боғибўстон», Миробод туманидаги «Юксалиш», Шайхонтоҳур туманидаги «Ипакчилик», Учтепа туманидаги «Қўрғонтепа» ҳамда Олмазор туманидаги «Замондош» маҳаллаларида сунъий кўллар барпо этилади.
Қайд этилишича, сунъий кўлларнинг ташкил этилиши шаҳар ҳудудларида сув ва яшил майдонлар улушини ошириш, маҳаллий микроиқлимни яхшилаш ҳамда аҳоли учун янада қулай ва соғлом экологик муҳит яратишга хизмат қилади.









