Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экология полицияси ходимлари томонидан Бекобод шаҳридаги «М.К.» корхонаси фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш давомида корхонанинг электрда пўлат эритиш ва ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмаларида атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёрлардан сезиларли даражада юқори экани аниқланди.
Хусусан, лаборатория таҳлилларида электрда пўлат эритиш бўлинмасида ноорганик чанг меъёрдан 2,4 баробар, олтингугурт диоксиди 1 533 баробар, углерод оксиди эса 20 баробар кўп ташланаётгани тасдиқланди.
Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш бўлинмасида ҳам қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилди. Бу ерда ноорганик чанг миқдори белгиланган меъёрдан 24,9 баробар, азот диоксиди 2,12 баробар, углерод оксиди эса 23,3 баробар юқори экани маълум бўлди.
Шунингдек, электрда пўлат эритиш цехида чанг-газ тозалаш ускуналарининг самарали ишламаётгани, натижада ифлослантирувчи моддаларнинг бир қисми тўғридан-тўғри атмосферага чиқиб кетаётгани аниқланди.
Бундан ташқари, корхонада экологик экспертиза хулосалари талаблари ҳам тўлиқ бажарилмагани, айрим ифлослантирувчи манбаларда автоматлаштирилган мониторинг тизимлари ўрнатилмагани ва лаборатория назорати етарли даражада ташкил этилмагани маълум бўлди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан амалдаги қонунчилик талаблари асосида қўшимча ҳисоб-китоб қилиниб, корхонага атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 1 млрд 630 млн 920 минг 419 сўм компенсация тўлови белгиланди.
Шу билан бирга, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича корхонага мажбурий кўрсатмалар берилди. Жумладан, чанг-газ тозалаш ускуналари филтрларини тўлиқ алмаштириш, уларнинг самарадорлигини камида 95 фоизга етказиш, лаборатория назоратини кучайтириш ҳамда асосий ифлослантирувчи манбаларга автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш белгиланди.









