“Хабарингиз бор, ўтган ҳафта душанба куни ҳурматли Президентимиз ҳузурида қурилиш, туризм ва саноат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Ўша тақдимотда кўрсатилган бир лойиҳага алоҳида тўхталмоқчиман. У ҳам бўлса, Алишер Навоий қабрини обод қилиш ишларидир.

Маълумки, Навоий бобомизнинг қабри Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳрида. Бугунги кунгача бу жойга умуман эътибор берилмаган эди.

Шу боис давлатимиз раҳбари Алишер Навоий мақбарасини ободонлаштириш вазифасини қўйган эдилар. Афғонистонда охирги йиллардаги ижобий ўзгаришлар, Ўзбекистон Президенти ташаббуслари билан икки мамлакат ўртасида уйғонган илиқлик ва ҳамкорлик туфайли бу хайрли иш амалга ошадиган бўлиб турибди.

Лойиҳага кўра, у ерда фақат таъмирлаш ё тиклаш ишлари эмас, катта мажмуа қуриш мақсад қилинган. Унда мақбарадан ташқари масжид, музей, айвонлар, автотураргоҳ ва боғлар бўлади”, деди Шерзод Асадов ўз нутқида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 19 октябрда қабул қилинган, Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига доир президент қарорида мутафаккирнинг мақбарасини ободонлаштириш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифаси юклатилган эди.