Kun.uz ихтиёрига Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясидан (ЭОАВМА) вазирликлар, йирик ташкилотлар ва акциядорлик жамиятларига юборилган хат нусхаси келиб тушди.

Унда ассоциация томонидан «Янги Ўзбекистон, Янги нигоҳ» миллий медиа дастури ишлаб чиқилаётгани, медиадастурда 60дан ошиқ медиа лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилгани ҳақида сўз боради.

-X6HZsh5dt7v6b8oBvVliDRxNGReCyXA.jpg (927×1178)

Ҳар бир вазирлик, йирик акциядорлик жамиятларига медиадастур яратиш бўйича таклифлар билдирилиб, таклиф юборилаётган идоранинг ҳар бирига алоҳида рақамда 1 миллиарддан 5 миллиард сўмгача қиймат ифодаланган шартномани имзолаш ҳамда ушбу маблағларни ЭОАВМА ҳисоб рақамига ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш сўралган.

Хатга таклиф этиладиган медиаконтент режаси эмас, балки тўловни амалга ошириш учун шартнома илова қилинган.

Таъкидланишича, ЭОАВМА уюшмага аъзо ОАВларда вазирлик (ташкилот) фаолиятига доир лавҳалар, интервьюлар, таҳлилий материаллар, кўрсатувлар ва репортажлар тайёрланиши, шунингдек, «Янгиланаётган Ўзбекистон» ғоясини ҳам ўзида мужассам этган медиамаҳсулотлар тайёрланиб, эфирга узатилишини ташкил этади.

Kun.uz ўрганишида маълум бўлишича, ассоциация хати вазирликлар, йирик ташкилотлар ахборот хизматлари раҳбарлари орасида муҳокамаларга сабаб бўлган. Улар хатни ижро этиш мажбурий ёки мажбурий эмаслигига ойдинлик киритишга уринган.

Бунга сабаб – бош вазир ўринбосари томонидан (бош вазирнинг айнан қайси ўринбосари экани Kun.uz'га маълум) йиғилиш ўтказилиб, шартномани рад этиш мумкин эмаслиги айтилган.

Бироқ, аввалига миллиардлар эмас, балки бирмунча камтарона рақамлар, яъни 300-400 млн сўмлик шартномалар ҳақида сўз борган. Кейинчалик, якуний таклиф хати билан бирга энг ками 1 млрд сўмдан бошланувчи турлича суммалардаги шартномалар юборилган.

Kun.uz мухбири ҳолат бўйича 10дан ортиқ вазирлик ва қўмиталар, йирик акциядорлик жамиятлари, уюшмалар ахборот хизматлари вакиллари билан боғланди. Уларнинг деярли барчаси шундай шартнома келганини тасдиқлашди ва ундаги суммаларни ҳам очиқлашди.