Фискал институт Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институтни ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-4879-сон қарорига мувофиқ ўзини ўзи молиялаштириш шаклидаги давлат олий таълим муассасаси сифатида ташкил этилган.

Фискал институт солиқлар ва солиққа тортиш соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Шунингдек, институт молиявий назорат, бухгалтерия ҳисоби ва аудит ҳамда солиқ, молия ва тижорат ҳуқуқи, шунингдек иқтисодиётда ахборот технологиялари соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган олий таълим муассасаси ҳамдир.
Фискал институтга талабалликка қабул ҳамда бакалавриат таълим йўналишида ўқув жараёни 2021/22 ўқув йилидан бошланади.
Институт қуйидаги йўналишларда фаолият олиб боради:
- солиққа тортиш ва молиявий назорат соҳалари учун бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
- кадрлар тайёрлаш борасида хорижий давлатларнинг солиқ органлари ва ўқув муассасалари билан тажриба алмашишни кенгайтириш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб қилиш;
- бюджет даромадларини шакллантиришда давлат манфаатларини ҳамда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлай оладиган кадрларни тарбиялаш;
- солиқ органлари учун илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва автоматлаштирилган таҳлил услублари билан ишлаш кўникмасига эга бўлган мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
- солиққа тортиш ҳамда молиявий назорат соҳаларида амалий ва фундаментал илмий тадқиқотлар олиб бориш, инновацион лойиҳаларни кенг жорий этиш;
- малакали кадрлар тайёрлашни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий усуллари, халқаро солиққа тортиш, трансферт нархларни белгилаш, таваккалчиликни таҳлил қилиш, бизнес-таҳлил технологиялари ва солиқ маъмуриятчилигида илғор ахборот технологияларини қўллаш асосида ташкил этиш;
- ўқув жараёнида ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, шу жумладан педагогик ва ахборот технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларни интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларни кенг жорий этиш, талаба, тингловчи ва педагог ходимларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ҳамда таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.













