– Аввало, AI Soliq платформаси нима мақсадда яратилган? У қандай имкониятларни тақдим этади?

AI Soliq Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган, сунъий интеллект асосида ишловчи портал. Солиқ қўмитасида жуда катта ҳажмдаги маълумотлар мавжуд. Авваллари солиқ тўловчи ҳисоботлар, имтиёзлар, рейтинг ёки бошқа маълумотларни олиш учун турли ахборот тизимларидан фойдаланишга мажбур эди. AI Soliq эса ушбу хизматларни ягона платформага жамлайди ва сунъий интеллект асосида тавсия ҳамда таҳлилларни тақдим этади.

2026-08-12 15.59.00

Ҳозир платформада тўққизта хизмат мавжуд, яна иккитаси ишлаб чиқилмоқда. Масалан, AI Korxona корхонани комплекс таҳлил қилади ва тавсиялар беради. AI EHF хавф тоифасига тушган электрон ҳисоб-фактуралар бўйича тавсиялар беради. AI Reyting барқарорлик рейтинги натижаларини таҳлил қилиб, уни яхшилаш бўйича амалий тавсиялар беради. AI Avtokameral автокамерал назоратда аниқланган тафовутлар бўйича тавсиялар тақдим этади. Бундан ташқари, AI Imtiyoz ва AI Hisobot хизматлари ҳам мавжуд.

— Тадбиркорлар барқарорлик рейтингида нега балл йўқотганини ҳар доим ҳам тушуна олмайди. AI Reyting орқали бунга батафсил жавоб олиш мумкин бўладими?

— AI Reyting корхонанинг рейтинг натижаларини, олган балларини ва уларни яхшилаш йўлларини батафсил кўрсатади. Фойдаланувчи ҳар бир мезон бўйича олган баллари ва йўқотишларини кўра олади. Исталган мезонни танласа, чатбот айнан ўша мезон бўйича таҳлил қилиб, нима сабабдан балл йўқотилганини тушунтиради.

Screen Shot 2026-08-12 at 15.54.41

Бундан ташқари, фойдаланувчи овозли ёки ёзма шаклда савол бериши мумкин. Масалан, —аксимал балл олиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги бўйича ҳам тавсиялар олади.

— Платформа фақат Солиқ қўмитаси базаси билан ишлайдими ёки бошқа идоралар маълумотлари ҳам интеграция қилинганми?

— Платформа асосан Солиқ қўмитаси маълумотлар базасидан фойдаланади. Аммо Солиқ қўмитасининг ўзи 70 дан ортиқ вазирлик ва идора билан интеграция қилинган. Шу сабабли улар билан алмашинилаётган маълумотлардан ҳам фойдаланилади.

— Ҳозирча платформа асосан бизнес учун мўлжаллангандек. Ундан қандай фойдаланиш мумкин? Мобил илова ҳам бўладими?

— Платформага кириш жуда оддий. Фойдаланувчилар ai.soliq.uz сайти орқали электрон рақамли имзо билан тизимга киришлари мумкин. Юридик шахслар, жисмоний шахслар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ундан фойдаланиш имкониятига эга.

Ҳозирча алоҳида мобил илова йўқ. Келгусида Солиқ мобил иловасига интеграция қилинади. Ҳозирча компютер ёки мобил телефон браузери орқали фойдаланиш мумкин.

— Платформани яратишга қанча маблағ сарфланди?

— Ушбу платформани ишлаб чиқиш учун қўшимча маблағ сарфланмаган. Уни Солиқ қўмитасининг ўз мутахассислари ишлаб чиққан. Янги технологиялар илмий-ахборот маркази, Солиқ маълумотларини қайта ишлаш маркази ҳамда сунъий интеллект лабораторияси мутахассислари лойиҳа устида ишлаган.

– Маълумотлар қанчалик ҳимояланган? Масалан, улар ChatGPT ёки бошқа хорижий сунъий интеллект моделларига юборилмайдими?

— Платформада сунъий интеллектнинг турли технологиялари қўлланилади. Аммо асосий тил модели Солиқ қўмитасининг ўз серверларида жойлашган.

Маълумотлар ChatGPT ёки Claude каби ташқи моделларга бормайди. Тўғри, улардан open-source олганмиз ва ўзимизда fine-tuning қилиб, ўзимизнинг серверларга жойлаганмиз. Моделни ўзбек тили ва солиққа оид маълумотлар билан ўқитдик. Ахборот хавфсизлиги тўлиқ таъминланади, ҳамма маълумотлар ўзимизнинг ёпиқ периметрда сақланади.

2026-08-12 15.59.06

— Оддий тадбиркор эртадан бошлаб Soliq AIдан фойдаланса, унинг ишида нима ўзгаради? Бир жумлада айтсангиз.

— Энг катта фарқ шундаки, керакли маълумотларни турли тизимлардан қидиришга вақт кетмайди. Барча хизматлар битта платформада жамланган. Чатбот орқали саволларига жавоб олади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида излашга эҳтиёж камаяди.

Масалан, барқарорлик рейтинги ёки автокамерал тизим бўйича cалл-марказга қўнғироқ қилиш ўрнига, жавобни чатботдан олиши мумкин.

— Сунъий интеллект тавсияларига қанчалик ишониш мумкин? Агар СИ тавсиясига амал қилиб хатога йўл қўйилса, жавобгарлик кимда бўлади?

— Платформа Солиқ қўмитасининг ўз маълумотлар базасига таянган ҳолда ишлайди ва тавсиялар 95–99 фоиз аниқликда шакллантирилади. Шунга қарамай, СИ тавсиялари маслаҳат характерига эга. Асосий ҳуқуқий мезон ҳар доим Солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўлиб қолади.

— Демак, бу бухгалтер ёки солиқ маслаҳатчиси ўрнини эгалламайди?

— Шундай. Солиқ ҳисоботлари учун жавобгарлик барибир бухгалтер ёки бошқа масъул шахс зиммасида қолади. Сунъий интеллект эса уларга ёрдам берувчи восита, холос.

— AI Imtiyoz хизмати илгари фойдаланилмаган солиқ имтиёзларини ҳам тавсия қиладими?

— Ҳа. AI Imtiyoz корхона фойдаланаётган имтиёзларни ҳам, фаолият йўналишидан келиб чиқиб фойдаланиши мумкин бўлган имтиёзларни ҳам кўрсатади.

Шунингдек, қайси шартлар бажарилса, ушбу имтиёздан фойдаланиш мумкинлиги, қандай ҳужжатлар топширилиши кераклиги ҳақида ҳам маълумот беради. Фойдаланувчи чатбот орқали қўшимча саволларини ҳам бериши мумкин.

— Бизнесни энг кўп қийнайдиган масалалардан бири – солиқ текширувлари. Бу борада платформа қандай ёрдам беради?

— Ҳозирча AI Avtokameral хизмати текширувдан олдинги таҳлиллар бўйича ишлайди. Унда қайси мезонлар бўйича тафовут аниқлангани, бу тафовутларнинг сабаби ва уларни бартараф этиш йўллари кўрсатилади.

Солиқ тўловчи шу тавсиялар асосида камчиликларини олдиндан тузатиши мумкин.

— Келгусида бошқа турдаги солиқ текширувлари билан боғлиқ функциялар ҳам қўшиладими?

— Сайёр солиқ текшируви ёки солиқ аудити тартиби ўзгармайди. Аммо ички таҳлилларда сунъий интеллект ва машинавий ўқитиш моделларидан фойдаланамиз.

Аниқланган хавфлар кейинчалик AI Korxona хизматидаги “Камчилик ва тавсиялар” бўлимида акс эттирилади. Бу текширув бошланади дегани эмас, балки тавсиявий характерга эга огоҳлантириш бўлади.

— AI Keshbek хизмати қандай ишлайди?

— Бу хизмат жисмоний шахслар учун мўлжалланган. Фойдаланувчи электрон рақамли имзо орқали тизимга киради. Агар рўйхатдан ўтказилган чек бўйича кешбек ҳисобланмаган бўлса, АI бунинг сабабини тушунтириб беради. Қайси норматив ҳужжат асосида рад этилгани, қайси банд қўллангани ҳақида ҳам ёзма ёки овозли тарзда маълумот олиш мумкин.

Бу ерда фақат муаммоли чеклар кўрсатилади. Тасдиқланган чеклар акс эттирилмайди.

— Яна қандай янги функциялар режалаштирилган?

— Яқин ойларда AI Yordamchi хизматини ишга туширишни режалаштиряпмиз. У ҳам жисмоний шахслар, ҳам тадбиркорлар учун умумий чатбот сифатида ишлайди.

Фойдаланувчи оддий тилда савол беради, тизим эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда жавоб қайтаради. Масалан, мол-мулк, ҚҚС, ер, сув ва бошқа барча солиқ турлари бўйича ҳисоб-китоблар ёки тушунтиришларни бера олади.

— Ушбу хизмат қачон ишга туширилади?

— Режага кўра, август ойи охиригача платформага қўшилади. Сентябр бошидан фойдаланувчилар ундан фойдаланишлари мумкин.