30 кундан 90 кунгача – Покистон визаси турлари ва нархлари ҳақида
UzbekLife колумнисти бу гал Покистон Ислом Республикасининг виза турлари, уларнинг нархлари ва олиш тартиби ҳақида таҳлилий мақола тайёрлади.
Авваллари Покистонга виза олиш жараёни мураккаб эди: кимдир Покистондан сизга таклифнома юбориши, элчихонага бир неча марта қатнашингиз ва ҳужжатларни ўз мамлакатингизда туриб топширишингиз керак бўларди. Аммо 2019 йилдан бери жараён енгиллаштирилди ва сиз эндиликда Покистон элчихонасига боришингизга тўғри келмайди. Чунки Покистон ҳукумати Покистон электрон визасини (Pakistan e-Visa) йўлга қўйди. Покистон электрон визаси саёҳатчиларга мамлакатга қисқа муддатга келишига рухсат беради.
Мазкур тизим орқали дунёнинг исталган нуқтасидан туриб интернет орқали визага ҳужжат топширишингиз мумкин. Тўлов дебит/кредит карта орқали амалга оширилади. Нархлар қайси мамлакатдан эканингиз ва мамлакатга киришлар сонига қараб белгиланади. Виза олиш жараёни 7–10 иш куни давом этади.
Покистон визасига 175 та давлат фуқаролари исталган вақт, ҳатто давлат байрами кунлари ҳам ҳужжат топшириши мумкин.
Бунда қуйидагилар талаб қилинади:
- Покистонга кириб келгандан кейин камида 6 ой давомида амал қиладиган паспорт;
- Меҳмонхонадан жой банд қилганини тасдиқловчи ҳужжат/хат ёки Покистондаги сайёҳлик агенти ёки мезбон оиладан таклифнома;
- Паспортга талаб қилинадиган ўлчамдаги фото;
- Виза тўлови;
- Визани олиш учун электрон почта манзили.
Покистон электрон визасини олиш учун саёҳатчилар онлайн анкетани тўлдиради ва виза тўловини онлайн тарзда амалга оширади. Сўнг керакли ҳужжатларни юклайди. Аризачига электрон виза PDF шаклида электрон почтасига юборилади. Электрон виза туризм (жумладан, зиёрат туризми) ва бизнес мақсадларида берилади.
Виза категориялари
Покистонга визанинг қуйидаги асосий турлари мавжуд:
Сайёҳлик визаси – Покистонга саёҳат мақсадида келувчиларга;
Талаба визаси – таълим олишга келувчиларга;
Меҳнат визаси – Покистонга ишлаш мақсадида келувчиларга;
Расмий виза – халқаро кенгашларга делегат бўлиб келувчилар учун.
Ўзбекистон фуқаролари учун сайёҳлик визаси ҳақида батафсил:
Талаба визасини олиш учун сиз Покистондаги бирор университетга қабул қилинган бўлишингиз керак. Бу жараён 3 ойгача давом этиши мумкин.
Бундай ҳолларда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:
- Ариза;
- паспорт;
- паспортга талаб қилинадиган ҳажмдаги 2 та сурат;
- университетга қабул қилинганлик ҳақидаги хат;
- диплом ва иловаси нусхаси;
- резиденция ҳақида маълумот;
- банк ҳисобрақамингизнинг охирги уч ойлик ҳолати.
Мамлакатда 30 кундан ортиқ қолишингизни ҳисобга олган ҳолда Покистонга етиб келишингиз билан Хорижликларни рўйхатдан ўтказиш идорасидан рўйхатдан ўтиб қўйиш мақсадга мувофиқ.
Покистонга талаба визасини олиш учун босқичма-босқич йўриқнома
1-қадам. Тайёргарлик
- Талаба визасини олиш учун дастлаб Ички ишлар вазирлиги ва Таълим вазирлигига сўров юборинг. Улар сизга қаршиликлари йўқлиги ҳақида сертификат Non-Objection Certificate (NOC) юборади.
- Университетга қабул қилинганингиз ҳақидаги хатдан намуна олинг.
- Покистон визаси аризасини тўлдиринг.
- Паспортга талаб қилинадиган ҳажмда 2 та фотосурат тайёрланг, иложи бўлса оқ фонда.
- Паспортингизнинг биринчи бетидан 2 та нусха олинг.
- Охирги ойдаги банк ҳисобрақамингиз ҳолатини чоп эттиринг.
2-қадам. Ҳаракат
- Таълим вазирлиги/Иқтисодий ишлар бўлими/Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Покистондаги вакил органидан NOC олинг.
- Ўзингизга яқин бўлган Покистон элчихонаси ёки консуллигини топинг.
- Аризангиз ва барча керакли ҳужжатларингизни олиб боринг.
- Кутинг (бир неча кун, баъзида ой).
- Визангизни олинг ва йўлга чиқинг.
Зиёдахон Ғуломова,
UzbekLife колумнисти
Мавзуга оид
15:29 / 20.11.2024
Ўзбекистон Покистон денгиз портлари орқали янги бозорларга кириш имконини ўрганмоқда
20:17 / 13.11.2024
Покистонда тўй автобуси дарёга қулаши оқибатида 22 киши ҳалок бўлди
19:27 / 13.11.2024
Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади
15:12 / 09.11.2024