Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев Metrocon қурилиш компанияси таъсисчиси Абдул Қодир билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда 11 ноябр куни «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Музокараларда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш лойиҳасига Покистон инвестицияларини жалб қилиш ва қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон элчиси хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, ер участкаларини ажратиш механизмлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тартиби ва мавжуд имтиёзлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Metrocon компаниясига Янги Тошкентда қуйидаги йўналишларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш таклиф қилинди:

  • Автомобил йўллари ва кўприклар қуриш;

  • Замонавий транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;

  • Сув таъминоти ва оқова сув тармоқларини барпо этиш;

  • Турар-жой мажмуалари ва меҳмонхоналар қуриш;

  • Савдо ва тижорат объектларини ташкил этиш.

Компания таъсисчиси Абдул Қодир Янги Тошкент каби стратегик аҳамиятга эга йирик лойиҳада иштирок этишдан манфаатдор эканини билдирди.

Унинг таъкидлашича, Metrocon ҳамкорлик имкониятларини батафсил ўрганиб, Ўзбекистон томонига аниқ инвестициявий ва амалий таклифлар тақдим этади.

Музокаралар якунида Покистон компанияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.

Ташриф давомида делегация Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари ҳамда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилмоқда.

Ҳозирча компаниянинг аниқ инвестиция миқдори ва қурилиш ишларини бошлаш муддати эълон қилинмаган.