11:11 / 17.06.2021
14649

Тошкентда бир гуруҳ вояга етмаган шахслар аёл кишига ҳужум қилди

Интернетда вояга етмаган шахслар ҳужумидан жабрланган аёлнинг мурожаати бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан чора кўрилмаётгани ҳақида хабар тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилишича, ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятсизликлари тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ.

Қайд этилишича, 2021 йил 13 июн куни соат 09:14ларда Миробод тумани ИИО ФМБ 2-сон ички ишлар бўлимига 49 ёшли Н.Н.дан мурожаат келиб тушган. Мурожаатчининг сўзларига кўра, ўша куни соат 08:00лар атрофида у “Миробод бозори” ёнидан ўтиб кетаётганида 5-6 нафар вояга етмаган шахслар муштлашаётганларини кўриб қолиб, уларни ажратмоқчи бўлган. Болалар эса унинг кийимига зарар етказиб, сумкасини олиб қўймоқчи бўлишган.

Билдирилишича, мазкур ариза қабул қилиниб, ҳозирги вақтда терговолди текшируви олиб борилмоқда. Миробод тумани ИИО ФМБ 2-сон ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари капитан Р.Низохунов ва катта лейтенант А.Йўлдошбеков тунги вақтдаги патрул иши давомида ўн нафар қаровсиз вояга етмаган болаларни кўриб қолган. Уларнинг шахслари аниқланиб, юқоридаги ҳодисаларга алоқадорликлари текширилаётгани айтилади.

“Маълум шахслар томонидан бу каби ҳуқуқбузарликлар мунтазам равишда содир этилиши тўғрисидаги маълумот ҳозирга қадар аниқланмади. Фуқароларни миш-мишларга асосланган тахминлардан ўзларини тийишларини сўраймиз.

Ҳурматли фуқаролар. Ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятсизликлари тўғрисида хато фикрларни кўриб қолиш мумкин. Кўпинча бу фикрларга аризачиларнинг терговолди текширувлари ва ички ишлар органлари фаолияти ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаганликлари сабаб бўлмоқда. Жабрланувчи томоннинг сабрсизлигини тушуниш мумкин, аммо олиб борилаётган ишлар натижасини кутишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.

Top