Фан-техника | 08:08 / 20.06.2021
44568
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 21 тонналик улкан каркидон қолдиқлари топилди. У фанга янги турни очиб бериши мумкин

YU CHEN

Қуруқликдаги энг катта ҳайвонлар қаторига кирувчи «Paraceratherium linxiaense» деб номланган янги турнинг вазни тўртта Африка филининг оғирлигига тенг экани, бўйи эса жирафадан баландроқ эканлиги аниқланди.

Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Гансу провинциясида топилган қолдиқлар бундан 26,5 миллион йил олдин яшаган 21 тонналик каркидон турига тегишли.

Тахминларга кўра, шохсиз сут эмизувчи бўлган ушбу янги тур 7 метр баландликдаги дарахтлар билан бўйлаша олган. Вояга етган эркак жирафаларнинг бўйи, одатда, 6 метргача бўлади.

Communications Biology журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, илк бор 2015 йилда топилган қолдиқ фанга маълум бўлган аввалги улкан каркидонлардан анча фарқ қилувчи турни очиб беради.

Хитойнинг Пекин шаҳридаги умуртқали ҳайвонлар палеонтология институти доктор Дэн Тао бошчилигидаги тадқиқотларда каркидоннинг бош ва жағ суяги тўлиқ сақланиб қолгани аниқланди.

Гигант каркидоннинг тумшуқ тузилиши чўчқага ўхшаш ўтхўр сут эмизувчилар синфига мансуб тапир (Осиё ва Африканинг тропик минтақаларида яшовчи калта хартумли йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвон – таҳр.)га ўхшайди.

Олимлар янги кашф этилган тур Покистонда яшаган улкан каркидонлар билан боғлиқлигини аниқлашди. Бу эса шуни кўрсатадики, каркидон турлари бутун Марказий Осиё бўйлаб ҳаракатланган.

Гигант каркидон турларининг шимоли-ғарбий Хитой ва Ҳиндистон ярим ороли оралиғида эркин ҳаракатлана олгани Тибет платосида илгари денгиз сатҳи баландлигидаги текисликлар мавжуд бўлган, деган фикрни қўллаб-қувватлайди.

«Тропик шарт-шароит каркидоннинг Марказий Осиёда ҳаракатланишига имкон берган бўлиши мумкин. Тибет минтақаси ўша пайтларда баланд плато эмаслиги аён бўлмоқда», деди профессор Дэн Тао матбуот анжуманида.

Мавзуга оид