Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳоким 1 та ер майдони бўйича 40 кун ичида 4 та қарор чиқарди. Яна тадбиркор сарсон
Андижон тумани ҳокимлиги тадбиркорга ажратилган ерни бир ойдаёқ қайтариб олди, сабаб – “балиқчилик хўжалиги ташкил қилмаган”. Қайтарилган ер дарҳол иккига бўлиниб, бошқа тадбиркорларга берилди. Аммо улар ҳам 1 ой эмас, 10 ойдан бери ажратилган ерда балиқчилик билан шуғулланмаяпти, бу эса ҳокимликни қизиқтираётгани йўқ.
Қизиқ ҳолат. Туман ҳокимлиги бир тадбиркордан бир ой ичида балиқчилик хўжалиги ташкил қилмагани учун ерни қайтариб олди, бироқ бошқа тадбиркор 10 ойдан бери балиқчилик ташкил қилмаса ҳам иши йўқ...
Фарҳодбек Анваржонов раҳбарлигидаги “Саидзод” жамиятига балиқчилик билан шуғулланиш учун Андижон тумани ҳокимининг 2020 йил 14 августда 572 -қарори билан 1,2 гектар ер ажратилади.


49 йиллик ижара ҳуқуқи бўлган қарорни қўлига олган тадбиркорнинг Қорадарё бўйидан ажратилган ерда “интенсив усулда балиқчилик қиламан”, деган аниқ режалари бор эди. Бироқ унинг режалари хомхаёл экан. У қонуний ерида иш бошлаб, кўл қаздириш учун келганида ернинг “янги қонуний” эгалари борлиги маълум бўлди.
“2020 йили август ойида Андижон туманининг ўша пайтдаги ҳокими Улуғбек Исомиддинов менга балиқчилик фаолияти билан шуғулланишим учун ер ажратиб берди. Қарорни олиб, ўзимга ажратилган майдонга кўл кавлатиш мақсадида экскаватор билан бордим. Бироқ ўша пайт менга берилган майдонга шу ерлик деҳқонлар шоли экиб парваришлаётган экан. Туман ҳокими: “Деҳқон шолисини йиғиштириб олсин. Сиз эрта баҳордан ишингизни бошласангиз яхши бўлади”, – деди. Ҳақиқатан шоликорларнинг етилиб қолай деган ҳосилига ачиниб рози бўлдим.


Мен эрта баҳорда иш бошлай деб келсам еримнинг “янги” эгалари чиқиб қолибди. 1,2 гектар еримни Андижон туман ҳокимининг қарорлари билан иккита тадбиркорга бўлиб бериб юборишган экан.
Туман ҳокимлигига бориб, “нега бундай бўлди?” десам: “Сиз иш бошламаганингиз учун бошқа тадбиркорларга бериб юбордик”, дейишди. Қарангки, менга 14 августда ер берилган бўлса, ҳокимиятдагилар орадан бир ой ўтиб, 24 сентябрь куни мени хабардор қилмай қарорни бекор қилиб, ерни туман захирасига олиб, янги қарор билан бошқа тадбиркорларга бериб юборишган.

Суриштирсам, айни пайтда мана шу жойга шоли эккан деҳқонлар Андижон тумани ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Шоядбек Қамбаров ва ҳокимлик девонхонаси мудири Омаджон Ғоффоровларга ижара тўлаб экаётганини айтишди.
Ҳайронман, туман ҳокимлигида ишлайдиганлар қарор устига қарор чиқариб қонунни бузаверадими?” – дейди Фарҳодбек Анваржонов.
Фарҳодбек Анваржоновнинг айтишича, ер берилаётган пайтда ҳокимлик ташкилий назорат гуруҳи раҳбари унга: “Интенсив балиқчилик ташкил эта олмаган тақдиримда, еримни туман захирасига қайтиб олинишига розиман” мазмунидаги, санаси кўрсатилмаган ариза ёздириб олган.

Тадбиркор туман ҳокимлиги чиқарган қарорлардан норози бўлиб, Андижон вилоят прокуратурасига мурожаат қилади.
Прокуратура 16 июнь куни фуқарога ўрганишлар натижаси ҳақида жавоб жўнатган. Унда Андижон туман ҳокимлигининг 2020 йил 24 сентябрдаги 664-, 666- ва 668-сонли қарорлари қонунийлиги ўрганилганида, Ер кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилгани қайд этилган бўлиб, қонун бузилишига имконият яратилаётганини бартараф этиш бўйича туман ҳокимлигига тақдимнома киритилгани айтилган.

Прокуратура фуқарога низоли ҳолат бўйича маъмурий судга мурожаат қилиш тавсиясини берган.
Андижон тумани ҳокимлигида
Туман ҳокимлигида бўлиб ҳолатга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

Ҳокимликнинг девонхона мудири Омадбек Ғаффоров бизга мазкур иш бўйича бир қатор ҳужжатларни тақдим этди.
2020 йил 22 сентябр куни туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш, реализация қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси томонидан тузилган далолатномада “Саидзод” жамияти раҳбари Фарҳодбек Анваржонов туман ҳокимлигига ўзига ажратилган 1,2 гектар майдонни туман захирасига қайтаришни сўраб, амалий ёрдам сўрагани айтилади. Комиссия шундан сўнг мазкур ер майдонини туман захирасига қайтарилишини лозим деб топиб, далолатнома тасдиғини туман ҳокимига ҳавола қилади.


24 сентябрь куни Андижон туман собиқ ҳокими Улуғбек Исомиддинов “Саидзод” жамияти билан ёрдамчи хўжаликка ажратилган 1,2 гектар ер майдони учун тузилган узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш ҳақида 664-сонли қарорини чиқаради ва мазкур қарор туман кенгаши депутатларининг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилишини келтиради.

Шу куннинг ўзида туман ҳокимининг ўша 1,2 гектар майдонни 60 сотихдан иккига бўлиб, тадбиркорлар Искандар Турдиев ва Абдулҳафиз Абдуманноповларга 49 йилга ижарага берилиши тўғрисида 666- ва 668-сонли қарорлари чиққан ва сессия тасдиғига киритилиши белгиланган.


Туман ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Шоятбек Қамбаров бизга мазкур қарорлар тасдиғи орадан бир ой ўтиб, 2020 йил 24 октябрда халқ депутатлари туман сессияси кун тартибига қўйилгани ҳақида ҳужжатлар тақдим қилди. Ҳужжатларда юқоридаги қарорлар тасдиғи сессия кун тартибига киритилгани акс этган бўлиб, бироқ мажлис баёнида мазкур қарорлар депутатлар тасдиғи учун овозга қўйилмаган бўлиб чиқди.

Ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Шоятбек Қамбаров тадбиркорнинг қарори бекор қилиниши бўйича қуйидагича изоҳ берди:
“Ҳақиқатда фуқаро Фарҳодбек Анваржоновга туман ҳокимининг 572-сонли қарори билан ер берилган. У интенсив усулда балиқчилик ташкил этолмагани учун сентябрь ойида ариза ёзган. Сўнг 664-қарор билан ер майдони туман захирасига қайтариб олинди. Айни пайтда ўша ер бошқа фуқарога қарор асосида берилган.

Фарҳодбек Анваржонов ер майдони берилгач, кўл ташкил қилиши, ернинг топосъёмкаларини олиши ва кредит учун ҳужжат қилиши керак эди. Мана шу ишларни амалга оширмади. Шунинг учун ўз аризасига кўра ерни қайтариб олганмиз”, – дейди Ш. Қамбаров.
Мутасадди бизнинг: “Тадбиркорга талаб қилинган ишларни бошлаш учун қанча муҳлат берилган эди?” деган саволимизга: “Маълум муҳлат белгилаб берилмаган”, дея жавоб берди.
Ш. Қамбаровга: “Айни пайтда ўша жой бошқа фуқарога қарор асосида берилган. Бунга ҳам 9 ой бўлибди айни пайтда ўша ерда интенсив балиқ боқиш ташкил қилинганми?”, дея иккинчи саволни бердик. Мутасаддидан: “Бундан хабарим йўқ”, деган жавобни олдик.
Хулоса ўрнида
Туман ҳокимлиги мутасаддиси берган изоҳида тадбиркор Фарҳодбек Анваржонов бир ой ичида интенсив балиқчилик ташкил эта олмагани учун ер майдони қайтариб олинганини айтди. Биз ўша муаммоли ер майдонига борганимизда 10 ой олдин Искандар Турдиев ва Абдулҳафиз Абдуманноповларга қайта қарор билан берилган ерда шоли кўчатлари экилгани, ҳалигача балиқчилик фаолияти ташкил этилмаганини кўрдик.



Қизиқ ҳолат. Туман ҳокимлиги бир тадбиркордан бир ой ичида балиқчилик хўжалиги ташкил қилмагани учун ерни қайтариб олди, бироқ бошқа тадбиркор 10 ойдан бери балиқчилик ташкил қилмаса ҳам иши йўқ...
Туман ҳокимлигининг кетма-кет, қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда қарорлар чиқариши ортида қандай манфаат ётгани бизга қоронғи.
Тадбиркор умид билан туман ва вилоятнинг бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларига мурожаат қилиб, ижобий якун кутмоқда.
Элмурод Эрматов,
Жаҳонгир Маҳмудов
Мавзуга оид
08:30 / 02.06.2026
Сув фонди ерларини ижарага беришнинг янги тартиби жорий этилди
09:40 / 06.04.2026
3,7 гектар ерни 7 гектар деб сотмоқчи бўлган фермер ушланди
10:29 / 05.03.2026
Уй-жой қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиблари тезлаштирилади
10:20 / 24.02.2026