Ўзбекистон | 16:18 / 13.07.2021
1773
3 дақиқада ўқилади

Наманганда шифохонада навбатчиликда турган аёлнинг таниши унинг юзига кислота сепиб, тунаб кетди

Наманган шаҳридаги хусусий шифохоналардан бирида навбатчиликда турган аёлнинг таниши унинг юзига кислота сепиб, тилла қимматбаҳо тақинчоқлари ва телефонини олиб қочиб кетган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 9 июль куни соат 23:22да, вилоят ИИБга 102 орқали хабар тушган. Унга кўра, Наманган шаҳар Давлатобод туманида яшовчи, 1980 йилда туғилган аёл шу куни соат 22:30ларда, хусусий шифохонада навбатчилик қилиб турган вақтида, унинг олдига «Муроджон» исмли таниши у билан кўришиб гаплашиб олиш мақсадида келган. Аёл танишини ихтиёрий равишда хусусий шифохонага олиб кириб, ўзаро гаплашиб ўтирган вақтда «Муроджон» уни бўйнидан бўғиб, пул ва бошқа моддий қимматликдаги буюмларни беришни талаб қилган.

Сўнг, юз қисмига полиэтилен идишда бўлган суюқликни сепиб, аёлнинг бўйнида бўлган нархи 3 миллион сўмлик занжир, қулоғида бўлган нархи 4,5 миллион сўмлик балдоқ ҳамда нархи 4,5 миллион сўмлик «Huawei» русумли уяли телефон аппаратини босқинчилик йўли билан олиб, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинган.

Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг дастлабки маълумотномасида аёлнинг танасида чап кўз, оғиз, лаб ва юз териси куйиши тарзидаги тан жароҳатлари борлиги кўрсатилган.

ИИВ ЖҚББ ходимлари, вилоят ИИБ ЖҚБ, ва Наманган шаҳар ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни, Андижон вилояти Балиқчи туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган Н.Муроджон содир этганлиги аниқланган. Жабрланувчи томонидан таниб олинган аёллар занжири, балдоқ ва «Huawei» русумли уяли телефон аппарати ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан 2021 йил 10 июль куни Жиноят кодексининг 164-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида қамоққа олинган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид