Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Божхона ҳамда Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Аниқланишича, Наманган шаҳрида яшовчи 3 нафар фуқаро ўзаро тил бириктирган ҳолда 5 та хонадонда яширин омборлар ташкил этишган.

Ушбу омборларда тегишли сифат сертификатига эга бўлмаган, хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган ва ноқонуний йўллар билан олиб келинган катта миқдордаги дори воситаларини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинган.

Тадбир давомида 287 турдаги жами 46 865 дона дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Уларнинг дастлабки тахминий қиймати 5,2 млрд сўмга тенг.

Ҳозирда ушбу дори воситаларига нисбатан судга оид кимёвий, товаршунослик экспертизаси тайинланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.