Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Фориш туманида бўлиб, аҳоли ва масъулларга қулоқ тутди.

Даставвал, қуйидаги саволларга эътибор қаратайлик. Умуман, “Обод қишлоқ” давлат дастурига кирган қишлоқларда нималар ўзгариши керак? Эътибор қаратиладиган жиҳатлар нимада? Қандай қишлоқлар бу дастурга киради, нималар режалаштирилади?

Биринчи навбатда, қишлоқ аҳолисининг йўл, ичимлик суви, электр энергиясига бўлган эҳтиёж ва муаммолари, шунингдек, мактаб, боғча ҳамда қишлоқ врачлик пунктига эътибор қаратилиши керак, шундай эмасми?

Улардан ортса, маиший объектлар, савдо дўконлари, ҳаммом-у сартарошхоналар, спорт мажмуалари қурилиши мумкин. Бу тоифа қишлоқларни танлашда маҳалланинг марказдан олисда жойлашгани, одамларнинг оғир шароитда яшаётгани инобатга олинади.

Демак, Нурак шундай маҳалла бўлганки, ушбу дастурга киритилган.

Лазиз Жониқулов

Лазиз Жониқулов трансформаторлар таъмирталаб бўлиб қолгани, арзимас шамолга ҳам электр энергиясида узилишлар кузатилишини маълум қилди. Натижада фуқароларнинг уйидаги маиший техникалар тез-тез яроқсиз ҳолатга келиб қолаётган экан.

Айниқса, симёғочлар инсон ҳаёти учун анча хавфли ҳолатда эканига гувоҳ бўлдик.

Келдиёр Зиётов

Маҳалла раиси Келдиёр Зиётов ҳам давлат дастурида кўзда тутилган бир қатор ишларнинг амалга ошмай қолганини тасдиқлади. Масалан, дастурга асосан маҳаллада 5 та трансформатор алмаштирилиши керак бўлган, амалда учта ўрнатилган. Қишлоққа атиги 39 та симёғоч олиб келинган.

Раиснинг айтишича, маҳалланинг аксарият ҳудудида 70-йилларда қўйилган симёғочлар турибди, кўпи яроқсиз ҳолга келиб қолган.

МФЙ бешта қишлоқдан иборат бўлиб, 9 километр асосий йўл бор. Йўлнинг маълум қисмига тош ётқизилган, ямаб чиқилган ва бир километрдан ортиқ қисми асфалт қилиниши керак бўлса-да, бу иш бажарилмай қолиб кетган.