Зойир Мирзаев аҳоли мурожаатларига эътиборсизлик қилган ва сохтакорликка йўл қўйган бир қанча раҳбарларни ишдан бўшатган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, кеча, 14 июль куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигида мутасаддиларнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаши масаласида йиғилиш ўтказилган. Йиғилиш танқидий руҳда ўтган ва унда ойлаб, йиллаб сарсон бўлган фуқаролар «йиғилиш майдонига» олиб келинган. Кўплаб раҳбарларнинг муомала маданияти, эътиборсизлиги уларнинг кўз ўнгида очиб ташланган.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими мурожаати фақат қоғозда «ҳал этилган» фуқароларга масъуллар олдида телефон орқали боғланган. Айрим мурожаатчилар иши ҳал этилганидан хабари ҳам бўлмаган. Бунга сабаб, масъуллар фуқаролар билан учрашмасдан, муаммоларни ечмасдан мурожаатлар қоғозда ёпиб юборилган.
Йиғилиш давомида мурожаатларга панжа ортидан қараётган баъзи раҳбарлар вазифасидан озод этилган, айримларига ҳайфсан эълон қилинган.

Жумладан:
– Яккабоғ тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Олтиев Бобомурод вазифасидан озод этилган (У бир фуқаронинг мурожаатини 171 кун муддат ичида ҳам кўриб чиқмагани учун).
– Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шаҳрисабз шаҳар бўлими бошлиғи Зиёев Жамшид вазифасидан озод этилган (Такрорий мурожаатларга ҳам жавоб бермаган, оғир шароитли оилаларга нафақалар ажратмагани учун).
– Косон тумани «Электр тармоқлари корхонаси» директори Мирзаев Асрор вазифасидан озод этилган (Такрорий мурожаатларга ҳам жавоб бермагани учун).
– «Агробанк»нинг Чироқчи тумани филиали бошқарувчиси Умурзоқов Ойбек вазифасидан озод этилган (Фуқароларнинг кредит сўраб қилган мурожаатларига эътибор қаратмагани учун).
– «Агробанк»нинг Қамаши тумани филиали бошқарувчиси Нормуродов Баҳром вазифасидан озод этилган (Фуқароларнинг кредит сўраб қилган мурожаатларига эътибор қаратмагани учун).
– Ғузор тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ўринбосари Мавжуда Тошпўлатовага 3 ойлик иш ҳақи миқдорида жарима. Агар, фуқаронинг мурожаати 10 иш кунида ижобий ҳал этилмаса, вазифасидан озод этиш шарти қўйилган.









