13 июль куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида дўл ёғиши ортидан келган сел одамларни оқизиб кетди.

Расмий маълумотларга кўра, 9 киши вафот этган, 6 киши табиий офатдан жабрланган. Жами 24 киши жароҳат олиб шифохоналарга мурожаат қилишган.

Талафотда бирданига 8 нафар яқинини йўқотган Рустамбой Раҳмоновлар оиласидан 5 ва 7 ёшдаги болалар ҳам селда оқиб кетишган. 7 ёшдаги боланинг жасади ҳамон қидирилаётган эди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати боланинг жасади топилганини маълум қилди.

“Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари натижасида бугун, 17 июль куни эрта тонгда 2014 йилда туғилган, 7 ёшли боланинг жасади Косонсой сойининг “Тагижар” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан топилган.

Барча юртдошларимиздан мутахассисларнинг об-ҳаво ўзгаришларига оид огоҳлантиришларига қатъий амал қилишни сўраймиз”, – дейилади вазирлик хабарида.

Маълумотларга кўра, жорий йил бошидан бери Ўзбекистонда жами 11 нафар фуқаро сел оқимларидан ҳалок бўлди. 2005-2021 йиллар давомида Ўзбекистонда сел-сув тошқинидан жами ҳалок бўлганлар сони эса 70 нафарга етди.

«5 ёшлисини ерга қўйдик, энди 7 ёшли набирамни қидиряпмиз» — Косонсойда сел оқизган мурғаклар