Ижтимоий тармоқларда Деҳқонобод туманидаги Жингил қишлоғида йўлни сел босгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Видеолавҳада йўлни сел босгани, катта ёшдаги одамлар болаларни кўтарган ҳолда сув кечиб, нариги томонга ўтказиб қўйгани акс этган.

Аҳрор Содиқовга кўра, мазкур ҳолатдан масъул ташкилотлар хабардор.

“Ушбу ҳудуд мавсумий сел сувлари оқиб ўтадиган табиий ўзан ҳисобланади. Шу билан бирга, болаларнинг таълим муассасасига бориш-келишида бундай хавфли вазиятларга дуч келишига йўл қўйиб бўлмайди”, дейилади муносабатда.

Айни пайтда масъуллар томонидан ҳудуддаги вазиятни ўрганиш, болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни белгилаш ҳамда муаммонинг доимий ечимини топиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилаётгани билдирилган.