13 октябр куни Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг тоғли ҳудудларида кузатилган сел оқибатида бир киши вафот этди, дея хабар бермоқда вилоят ФВБ.

Маълум қилинишича, соат 17:30 атрофида кузатилган қисқа муддатли кучли ёмғир сабабли туманнинг Қўнғирот маҳалласи Шакарбулоқ қишлоғи ҳудудидан сел оқиб ўтган.

Йўлдан адашган Damas автомобили ҳайдовчиси ва унинг ҳамроҳи йўналишни аниқлаш мақсадида сел сувлари ўтадиган ҳудудда тўхтаган. Шу вақтда автомобил сирпаниб, сел йўлининг чуқурроқ қисмига тушиб кетган.

Шундан сўнг ҳайдовчи машинадан тушиб, алоқага чиқишга уринган ва ҳамроҳини сел келаётгани ҳақида огоҳлантирган. Бироқ кучли сел оқими Damas ва унинг ичида бўлган йўловчини оқизиб кетган.

Олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида йўловчининг жасади топилган. Ҳодиса жойига масъуллар жалб этилган.

Ўзгидромет 13−14 октябр кунлари қатор вилоятларнинг тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.