Иқтисодиёт | 13:06 / 29.07.2021
6168
3 дақиқада ўқилади

Йилнинг биринчи ярмида 105 миллион долларлик давлат мулки сотилган — Акмалхон Ортиқов

2021 йил якунигача хусусийлаштириш жараёнларидан бюджетга 600 миллион доллар тушум бўлиши кутиляпти, деб маълум қилди Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Акмалхон Ортиқов.

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Акмалхон Ортиқов Буюк Британиянинг «bne IntelliNews» нашри билан бўлган суҳбатда Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёни ҳақида фикр билдирди.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг биринчи ярмида 1,1 триллион сўмлик (105 миллион доллар) давлат мулки сотилган. Бу кўрсаткич ўтган тўрт йил ичида 150 миллион долларга тенг бўлган.

«Биз энди иқтисодий ўсишни янада ривожлантириш учун янги турткиларни кўриб чиқмоқдамиз. Ушбу янги кучнинг хусусийлаштириш жараёни билан таъминланишига ишонамиз. Давлат яхши менежер эмас. Иқтисодиётда давлатнинг юқори даражадаги иштироки тахминан 50 фоиз ёки ундан ортиқроқ. Бу эса рақобатбардош бозорни яратишга халақит беради», деди Ортиқов.

Хусусийлаштириш жадаллаштирилади

2021 йилнинг биринчи ярмида сотилган 105 миллион долларлик давлат мулкининг 80 миллион доллари 10та йирик кўчмас мулк объектларини, хусусан, «Ичан Қалъа» меҳмонхонаси ва Тошкент марказидаги хавфсизлик хизматининг собиқ маъмурий биносини сотишдан тушган.

«Кўчмас мулк объектлари давлат корхоналари каби тайёргарликни талаб қилмайди, лекин биз кўчмас мулк билан чекланиб қолмаймиз. Бунга параллель равишда давлат корхоналари тайёр ҳолатга келганидан кейин, уларни ҳам хусусийлаштиришни бошлаймиз. Бу йил жами 900 дан ортиқ давлат активлари сотувга қўйилади. Натижа биз кутгандек бўлса, бу йил хусусийлаштириш жараёнидан 600 миллион доллар ишлаб топишни режалаштирмоқдамиз. Ҳозирда сотувга қўйиладиган активлар орасидаги энг асосий объектлар сифатида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, «Coca-Cola Bottlers Uzbekistan» МЧЖ акцияларининг 57 фоиз улуши, «Кафолат» суғурта компаниясидаги давлат улушини кўрсатиш мумкин», деди Ортиқов.

Мутахассис 2020 йилда корхоналарни баҳолаш бўйича янги стандартлар қабул қилинган бўлса ҳам, баҳолашни бу соҳадаги муаммолардан бири сифатида айтиб ўтган. Унинг фикрича, илгари хусусийлаштириш муваффақиятсиз тугашининг асосий сабаби бозор кутилмаларига мос келмайдиган баҳолашнинг мавжудлиги бўлган.

«Айни пайтда биз ушбу янги стандартларни танқидий жиҳатдан баҳоламоқдамиз, чунки улар халқаро молия институтлари кўмаги билан ишлаб чиқилган бўлса-да, нима учундир кўнгилдагидек ишламаяпти», деди Ортиқов.

Агентлик 1990 йилларнинг бошларида Польшанинг муваффақиятли хусусийлаштириш тажрибасидан фойдаланиш учун маслаҳатчиларни, шу жумладан, собиқ хусусийлаштириш вазирини жалб қилган. Коммунизм қулаганидан сўнг дарҳол «шок терапияси» ислоҳотларини бошлаган Польшадан фарқли ўлароқ, кўплаб йирик ўзбек компаниялари шу пайтгача давлат қўлида бўлиб келганлиги айтиб ўтилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид