“Маҳаллаларда жиноят оқибатлари билан курашиш эмас, балки, барвақт олдини олишга ўтилди. Бунинг учун, ҳар бир маҳаллага бир нафардан профилактика инспектори ажратилиб, уларнинг сони 9 784 нафаргача (илгари 5 867 нафар бўлган) етказилди ва ўртача 3,5 минг аҳолига (илгари 5,5 минг аҳоли бўлган) хизмат қилиниши таъминланди.

Профилактика инспектори маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича ўринбосари этиб белгиланди. Хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун 362 нафар аёллар масалалари бўйича инспекторлар фаолияти йўлга қўйилди, илгари бу вазифани профилактика инспектори бажарган.

Маҳалладаги хавфсизлик ҳолати ҳар ойда аҳоли томонидан, бу борада амалга оширилган ишлар натижалари эса Халқ депутатлари туман-шаҳар кенгашлари томонидан баҳолаб борилиши амалиёти йўлга қўйилди. 2017 йил 6 ойига нисбатан жиноятлар содир этилмаган маҳаллалар сони 3 855тадан (2017 йилда республикадаги маҳаллалар сони 9 015тани ташкил этган) 4 559тага (айни пайтда Ўзбекистонда 9251та маҳалла бор) кўпайган”, дея Пўлат Бобожоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Олий Мажлис Сенатининг бугун, 30 июль куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида ҳисобот берган ички ишлар вазирига кўра, жиноятчилик кўрсаткичи мамлакатимиздаги ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 132тани ташкил этмоқда.

“Жиноятчилик статистикасини юритишда халқаро ҳамжамият умумэътироф этилган ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, 100 минг аҳоли сонига нисбатан ҳисобланиши йўлга қўйилди. 2021 йил 6 ойида ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 132та жиноят тўғри келган.

Криминоген вазиятни холисона таҳлил қилиш, жиноятларни яширмаслик мақсадида, ходимлар ташаббуси билан аниқланадиган жиноятлар ижобий натижа сифатида баҳолаш тизимига ўтилди. 2021 йил 6 ойида 8592та жиноят аниқланган бўлиб, бу 2017 йилнинг 6 ойи (15321та)га нисбатан қарийб икки баравар кўпдир.

Тизимдаги барча соҳавий хизматлар қайтадан ислоҳ этилди. Замон талабидан келиб чиқиб, хавфсиз туризмни таъминлаш, пробация, суриштирув ва кибержиноятчиликка қарши курашишга ихтисослашган бўлинмалар янгитдан жорий этилди.

Тор доирадаги соҳа мутахассислиги бўйича жиноят ишларини тергов қилиш сифатини ошириш мақсадида, йўл-транспорт ҳодисалари, фирибгарлик, кибержиноятчиликка ихтисослашган алоҳида бўлинмалар ташкил этилди ва ўзига хос жиноятларни тергов қилиш методикаси яратилди”, дейди Пўлат Бобожонов.