Тошкентда кўп қаватли уйлар орасига аҳолининг хоҳиш ва истакларига қарши ўлароқ янгидан янги турар жойлар қуриш амалиёти давом этяпти.

Kun.uz'га Чилонзор тумани Катта Чилонзор-1 маҳалласи 3-, 5- ва 11- уйларда яшаётган бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди. Улар уйларининг оралиғидаги автотураргоҳ ери тадбиркорга кўп қаватли турар жой мажмуаси қуриш учун бериб юборилаётганидан хавотирда.

“Биз шу ҳудудда яшаймиз. Дастлаб уйларимиз оралиғидаги ҳудудда автотураргоҳ ташкил этилиши ҳақида айтишди. Тадбиркор пуллик автотураргоҳ қурди.

Орадан вақт ўтиб, тадбиркор келиб бу ерга кўп қаватли уй қурмоқчи эканини маълум қилди. Қандай қилиб бу ерга кўп қаватли уй қуриши мумкин? Қайси қонунларга тўғри келади?

Уйларимиз эски. Бу ерда қурилиш бошланса, уйларимизнинг фундаментига таъсир қилади. Бундан ташқари, кўпчиликнинг ётоқхонаси айнан шу томонга қараган. Кўп қаватли уйлар қуриладиган бўлса, бир-бирига кўриниб қолади.

Чилонзор тумани коммунал тизими, коммуникация ва трубалари шундоқ ҳам аянчли аҳволда эканини ҳисобга олсак, бу ерга қўшимча 9 қаватли турар жой биноси қурилиши коммунал тизимга ортиқча юклама бўлади ва коммунал тизим ишдан чиқиш ҳолатларини янада кўпайтиради. Ундан ташқари, одамлар автомобилларини сақлаши учун маҳаллада бошқа жой йўқ.

Фуқароларимиз билан йиғилиб, бу жойда автотураргоҳ ўрнига кўп қаватли турар жой қурилишига қарши эканимизни билдирдик ва баённомалар расмийлаштирдик. Кўплаб жойларга мурожаат қилдик, аммо натижа бўлмаяпти”.

Маҳалла аҳлининг умумий эътирози шулардан иборат.

Чилонзор тумани ҳокимлигининг Архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш мажмуаси бош мутахассиси Мирсаид Мирсобировнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 19 майдаги 435-сонли қарори ва 2021 йил 21 майдаги 595-сонли қарорлари билан тегишли ер майдони “Ishonch-imon” МЧЖга ажратиб берилган.

“Бу борада Чилонзор тумани ҳокимлиги қарор қабул қилмаган. 2017 йил 24 январдаги туман ҳокимининг фармойишида эса белгиланган манзил “Ishonch-imon” МЧЖга ободонлаштириш мақсадида бириктириб берилган”, – деди Мирсаид Мирсобиров.