Иқтисодиёт | 11:33 / 05.09.2021
17044
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга кириб келаётган ислом банки, пулли йўллар, солиқдаги янгиликлар – ҳафта «иқтисодий дайжести»

Сентябрь ойини бошлаб берган ҳафтада Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим янгиликлар содир бўлди. Kun.uz ҳафтанинг пулли хабарларини тўплади.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдоси 2 баробарга ошди

Республиканинг минтақа давлатлари билан савдоси (2016 йилдан 2019 йилгача) 2 баробардан зиёдга ошиб, 2,5 миллиард доллардан 5,2 миллиард долларга етди.

Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро савдода 1,1 миллиард долларлик амалга оширилмаган экспорт салоҳияти мавжуд. Хусусан, бу озиқ-овқат маҳсулотларида 530 миллион долларга, кимё маҳсулотларида 180 миллион долларга, металлургияда 120 миллион долларга ва енгил саноатда 110 миллион долларга тенг.

Тошкентда Ислом тараққиёт банкининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтди

1-4 сентябрь кунлари Тошкентдаги Халқаро Конгресс марказида Ислом тараққиёт банки (IsDB) Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Тадбирда ИТБ гуруҳига кирувчи 57 мамлакатдан вазирлар ва расмийлар, шунингдек, 2000 дан ортиқ йирик бизнес вакиллари, экспертлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари бевосита ва онлайн тарзда қатнашмоқда.

Учрашувнинг асосий мавзуси — ИТБга аъзо мамлакатларнинг пандемиядан кейин ижтимоий ва иқтисодий тикланиши.

Янги пулли йўллар вақтни 4 соатдан 2 соатгача қисқартириши айтилди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хорижий сармоядорларга пулли йўллар қуриш учун иккита йўналишни, Тошкентдан Самарқандгача (305 км) ва Тошкентдан Aндижонгача (340 км), таклиф қилишни режалаштирмоқда.

Умумий узунлиги қарийб 645 км бўлган янги йўллар вақтни 4 соатдан 2 соатга қисқартиради ва маҳаллий, минтақавий ва халқаро йўловчи ва юк ташиш учун ишлатилади.

1 сентябрдан солиқда нима янгиликлар бўлади?

1 сентябрдан бошлаб якка тартибда ташувчиларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилади (давлат божидан 2021 йил 1 сентябргача озод этилганди).

Шунингдек, якка тартибдаги ташувчилар ўз фаолиятини фақатгина агрегаторлар хизматидан фойдаланган ҳолда амалга оширади.

2021 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади.

Aвгустда товар ва хизматлар 0,5 фоизга қимматлашди

Статқўм маълумотларига кўра, август ойида истеъмол секторидаги инфляция 0,5 фоизни ташкил қилди. Жорий йил бошидан истеъмол секторида нархларнинг ўсиш даражаси 4,8 фоизни ташкил этди.

Ўзбекистонда ислом тараққиёт банки иштирокида янги жамғарма тузилди

Жамғарма Ислом тараққиёт банки, Ўзбекистон ҳукумати ва Саудия Aрабистони ўртасида ташкил этилган бўлиб, бошланғич капитали 100 миллион долларга тенг.

Жамғарма тузилишидан асосий мақсад Ўзбекистондаги кичик ва ўрта корхоналар, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бизнесини ривожлантириш учун молиявий ва молиявий бўлмаган ёрдам олишлари мумкин бўлган қулай инвестиция платформани яратиш ҳисобланади.

ИТБ электрон тўлов платформасини ишга туширди

Ислом тараққиёт банки Тошкентда бўлиб ўтган йиллик 46-йиғилишида молиявий самарадорликни оширишга қаратилган янги платформани ишга туширди.

Пул маблағлари тўловини тезлаштирувчи рақамли платформа банк операцияларининг самарадорлигини оширади ва ишбилармонлик муносабатларини амалга оширишни соддалаштиради.

Мавзуга оид