Иқтисодиёт | 13:28 / 03.03.2025
9087
8 дақиқада ўқилади

Биткоин қулади, Ўзбекистонга автомобиллар импорти каррасига қисқарди — иқтисодий дайжест

Маскнинг Tesla'си сотилмай қолди. Ўзбекистон 1,5 млрд долларлик облигациялар чиқарди. Биткоин нархи бир кунда 7 фоизга тушиб кетди. Ўтган ҳафта жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодий ҳаётида рўй берган шу ва бошқа янгиликлар – иқтисодчи Аҳлиддин Маликов шарҳида.

Tesla сотувлари тушиб кетди

Миллиардер Илон Маскка тегишли Tesla компаниясининг акциялари ўтган ҳафтада 8 фоизга пасайди ва бозор капитализацияси 2024 йил ноябридан бери биринчи марта 1 триллион доллардан пастга тушди. Шунингдек, Tesla'нинг Европадаги савдоcи сўнгги бир йил ичида 45 фоизга пасайган. 2024 йил январида 18 мингдан зиёдроқ автомобил сотилган бўлса, 2025 йил январида бу кўрсаткич 9945 донагача тушган.

Бунга сабаб сифатида бир нечта омилларни санаб ўтиш мумкин. Биринчидан, Илон Маскнинг охирги пайтлардаги сиёсий позицияси, хусусан, Европа мамлакатларидаги ўнг партияларни қўллаб-қувватлаши харидорлар орасида Tesla брендига нисбатан салбий фикрлар уйғота бошлаган.

Иккинчидан, ҳозирда Y моделини янгилаш учун заводларни модернизация қилиш жараёни вақтинча ишлаб чиқариш пасайишига олиб келган. Шунинг учун харидорлар янги моделни кутиш режимида бўлиши мумкин.

Учинчидан, бутун дунёда Хитой электромобил ишлаб чиқарувчилари Tesla учун кучли рақобатчига айланиб боряпти. Хусусан, ўтган ойларда Хитой ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган SAIС Group Европада Tesla'дан икки баравар кўп электромобил сотган.

Биткоин нархлари тушиб кетди

Биткоин нархлари ноябрдан бери энг паст даражага тушди ва сўнгги икки йилдаги энг катта ҳафталик йўқотишни қайд этди. Бозор қиймати бўйича дунёдаги энг йирик криптовалюта ҳисобланадиган биткоин жума куни 7 фоизгача пасайиб, $78,273 га тушди, бу – ноябр ойининг 10-санасидан бери энг паст даража ҳисобланади.

Биринчи навбатда, биткоин технология секторидаги акциялар, хусусан "Катта еттилик" деб аталган йирик технология компанияларининг кўрсаткичлари билан кучли боғлиқликка эга. Шунинг учун ушбу сектордаги қисқаришлар (масалан, NVIDIA каби компанияларнинг кутилмаганда паст натижалари) тўғридан тўғри криптовалюта бозорига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, криптовалюталар бозорида инвесторлар ишончини камайтирадиган воқеалар, масалан, Bybit платформасига қилинган хакерлик ҳужуми биткоин нархи тушишига сабаб бўлгани эҳтимолдан холи эмас. 21 феврал куни ҳакерлар Bybit платформасидан 1,5 миллиард долларлик криптовалюталарни ўғирлаганди. Bloomberg буни криптовалюта тарихида кузатилган энг йирик ўғрилик деб атаган.

Ўзбекистоннинг 2025-26 йиллар учун иқтисодий ўсиш прогнозлари

27 феврал куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) “Минтақавий иқтисодий истиқболлар” тўғрисида ўзининг энг сўнгги ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2025-26 йилларда 6 фоизга барқарор ўсиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг бундай нисбатан баланд иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини сақлаб қолиши бир нечта омиллар билан изоҳланмоқда.

Хусусан, Ўзбекистонга чет элдан пул ўтказмаларининг сезиларли даражада – 30 фоизга ошгани савдо дефицитини қисқартиришга ёрдам бериши кутилмоқда. Бундан ташқари, олтин нархларининг ошиши туфайли 2025 йил январ ойида чет эл валюта захиралари 42,9 миллиард долларга кўтарилган. Бу келгуси даврда макроиқтисодий стабилликка ҳисса қўшувчи омиллардан бири сифатида қайд этилмоқда.

2024 йил ўрталарида инфляция 10,6 фоизлик юқори кўрсаткични қайд этган бўлса-да, ҳукумат томонидан амалга ошириладиган фискал консолидация чоралари натижасида, Марказий банк 2026 йилга келиб унинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига тушишини башорат қилмоқда.

Яна бир муҳим нуқта – Ўзбекистонда хизматлар сектори иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолмоқда. Саноат соҳасида ишлаб чиқариш эса кенгайишда давом этмоқда. Ушбу омиллар Ўзбекистонни барқарор иқтисодий ўсишга эришиши учун қулай замин яратади, аммо глобал ноаниқликлар шароитида инфляция босимини бошқариш ва фискал интизомни таъминлашга кўпроқ эътибор қаратиш зарур.

Ўзбекистонга енгил автомобиллар импорти қисқарди

Ўзбекистон Божхона қўмитасининг келтирган маълумотларга кўра, 2025 йил январ ойида хориждан импорт қилинган автомобиллар қиймати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 7 баробарга қисқарган. Импортдаги бу қисқариш электромобиллар ва бензинли енгил автомобиллар кесимида ҳар хил бўлган – электромиллар импорти 6,7 баробарга қисқарган бўлса, бензинли енгил автомобиллар импорти 2,5 пастлаган.

Умуман олганда, автомобил импорти 2024 йилнинг апрель ойида кучга кирган автомашиналар бўйича мувофиқлик сертификатини расмийлаштиришга оид ўзгаришдан кейин пасаювчи трендни кўрсатаётган эди. Лекин ўтган йилнинг ноябр ойидаги автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш бўйича талабларнинг қаттиқлаштирилишидан сўнг бир ой ичида импорт қилинган автомобиллар қийматининг аввалги ойларга нисбатан 2 баробарга қисқарганини кўриш мумкин. Маълумот учун, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилинган автомобилларни божхона ҳудудида эмас, Пискентдаги полигонда техник синовлардан ўтказиш бошланганди.

Temu маркетплейси Ўзбекистонда ёпилиши мумкин

Ўзбекистонда Хитойнинг Temu маркетплейси фаолияти тўхтатилиши мумкин. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маълум қилган.

Регулятор Temu'дан Ўзбекистонда ё ўз шуъба корхонасини очиши, ёки солиқ тизимида рўйхатдан ўтиб, ҚҚС тўловчисига айланишни талаб қилмоқда.

Ўзбекистон давлат қарзидаги сўнгги ўзгаришлар

Ўзбекистон умумий ҳажми 1,5 млрд долларлик суверен облигациялар, яъни қарз қимматли қоғозларини муомалага чиқарди. Бу облигациялар 7 йиллик АҚШ долларидаги, 4 йиллик евродаги ва 3 йиллик миллий валютадаги облигацияларини ўз ичига олади.

Тушган маблағлар 2025 йилги давлат бюджети тақчиллиги ва ипотека дастурини молиялаштириш учун йўналтирилади.

Ҳукумат солиқлар, божхона тўловлари ва бошқа манбалардан даромад олади. Лекин харажатлар даромаддан ошиб кетганда, ҳукумат қарз қимматли қоғозлари, яъни облигацияларни чиқариш орқали фарқни қоплайди. Инвесторлар бу қимматли қоғозларни сотиб оладилар ва бунинг эвазига фоиз даромадлари оладилар. Лекин гап шундаки, агар қарз жуда катта бўлиб кетса, инвесторлар хавотирга туша бошлайдилар. Улар ҳукумат уни қайтара оладими деган саволни бера бошлайдилар.

Умуман олганда, ўтган ўн йил давомида қарзимиз ўсиб бормоқда. Масалан, 2024 йил Ўзбекистон давлат қарзи 5,3 млрд долларга ошиб, 2025 йил 1 январ ҳолатига 40,2 млрд долларни ташкил этган. Ривожланаётган мамлакатар “қарз тузоғи” деб аталувчи тузоққа тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишлари зарур.

Давлат қарзини сув солинган идишга ўхшатиш мумкин. Ҳар йили бу идишнинг бир қисми олинган қарз фоиз тўловларини қоплаш учун солиқ даромади билан тўлдирилиши керак. Агар идиш жуда катта бўлиб кетса, қарзга тўланадиган фоиз ставкаларининг озгина ошиши ҳам тушаётган солиқ йиғимларинининг сезиларли қисмининг қарзни тўлаш учун сарфланишини тақозо этиши мумкин. Агар қарзлар ўсишда давом этса ва самарали лойиҳаларни молиялаштириш учун ишлатилмаса, солиқ даромади фақат фоизларни қоплайдиган, ижтимоий хизматлар, хусусан таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма учун эса кам маблағ қоладиган нуқтага етиб келиши мумкин.

Ўзбекистоннинг ҳозирги давлат қарзи бошқарса бўладиган даражада. Муомалага чиқарилган сўнги облигациялар учун талабнинг юқори бўлгани ҳам Ўзбекистонга қарзни тўлашда қулай шартларни тақдим этади. Яъни бу олинаётган қарз учун пастроқ фоиз тўлаш мумкинлигини билдиради. Аммо, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш макроиқтисодий мувозанатни сақлаш, тизимли ислоҳотларни тезлаштириш ва қарз маблағларидан шаффоф ва самарали фойдаланишни таъминлашга боғлиқ бўлади.

Аҳлиддин Маликов,
иқтисодчи

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид