Доллар курси 11700 сўмдан ошди. Уй-жой бозорида нарх пуфаги пайдо бўляпти. Энг катта банклардан бири ғалати тарзда хусусийлаштирилиши мумкин. Президент солиқчиларни жиддий танқид қилди. Ҳукуматнинг иқтисодий блокида рокировка. Kun.uz ҳафта иқтисодий янгиликларини иқтисодчи Отабек Бакиров билан таҳлил қилди.

Ўзбекистондаги маъмурий ислоҳотлардан 7 ой ўтиб, иқтисодий соҳани мувофиқлаштирувчи иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев яна Солиқ қўмитасига қайтди. Айни вақтда Солиқ қўмитаси яна мустақил тузилма бўлиб, вазирлик таркибидан чиқарилди. Жамшид Қўчқоров эса иқтисодиёт ва молия вазири бўлди.

— Тажрибалар фақат муваффақиятлардан иборат бўлмайди. Айрим ҳолларда хатолар ҳам англашилади. Хатолар биринчи марта қилинган бўлса, улар кечирилади. Олдинга қараб қадам босишда давом этиш керак. Админреформа доирасида иқтисодий блокда мавжуд бўлган идораларнинг битта супервазирликка бирлаштирилиши хато эди. Админреформанинг биринчи кунларидаёқ жуда кўп экспертлар бу ҳақда айтди. Қарши аргумент ўлароқ Францияда шундай тажриба борлиги айтилди, лекин француз тажрибасининг қолган қисми ҳам бор: уларда ягона вазирликка бирлаштирилган департаментлар мутлақ автономияга эга. Улар бир-бирига мувозанатли ва мустақил қарорлар қабул қила олади. Бизнинг шароитимизда эса даромадларни ҳам, бюджет харажатларини ҳам битта вазирлик остида назорат қиладиган, бошқариладиган вазирликка айлантирилиши тўғри иш бўлмагани аниқ эди. Ва бу амалиётда тушуниб етилди.

Ҳозир иқтисодиётимиз ва бюджет мувозанатида юзага келаётган қатор муаммолар ҳам хато маъмурий қадамнинг акс-садоларидан бири ҳисобланади. Масалага қайтадиган бўлсак, бу ажралиш шу билан якунланмаслиги керак. Чунки ҳозир Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таркибида божхона қўмитаси сақланиб турибди, у ҳам даромад шакллантирадиган давлат идорасидир. Иқтисодиёт ва молия вазирлигидаги функциялар вертикали ўзгартиришларда давом этса керак. Муваффақиятли молия ва фискал бошқарув принципларига кўра, даромад топувчилар тақсимловчиларга, ёки тақсимловчилар даромад топувчиларга айланмаслиги керак, дейди Отабек Бакиров.