1964 йилда Американинг Нью Мексико штатида дунёга келган Жефф исмли чақалоқ вақти келиб дунёдаги энг бой инсон, 200 млрд доллардан кўп пули бўлган илк одам, ўз космик кемасида фазога кўтарилган бизнесмен бўлишини ким ҳам ўйлабди дерсиз. Жефф Безоснинг ўзи ҳам бундай бўлишини ўйламаган бўлса керак.

Бугунги кунда дунёдаги энг бой компаниялардан бири бўлиб турган Amazon компаниясига 1994 йилда асос солинган.
Унинг асосчиси – Жефф Безос. DE Show инвестицион компаниясида вице-президент лавозимида ишлаб турган Жефф Безос ўзининг бизнес ғояларини амалга ошириш учун ўз ишини ташлайди ва рафиқаси Маккензи Безос билан бирга нолдан янги стартапини амалга ошириш учун ҳаракат қилади.

Жефф электроинженерия ва компьютер билимлари соҳаси бўйича олий маълумотга эга эди.
Жефф Безосда ҳар қандай маҳсулотни сотишга мўлжалланган дўконни очиш ғояси бўлган. Уни амалга оширишда эса одатдаги тўсиқлар юзага келди: чекланган бюджет, бозорни яхши тушунмаслик ва сармоядорларнинг йўқлиги. Биринчи ҳафтадаёқ банкротликка учрамаслик учун Безос ишни оддий усулда бошлашга қарор қилди. Интернет орқали яхши сотилиши лозим бўлган товарларни 20 гуруҳга бўлиб чиқди. Унга компьютер дастурлари, фильмлар, мусиқалар, офис анжомлари ва бошқа маҳсулотлар кирарди.

Aммо бирламчи маҳсулот сифатида китоблар яхши сотилган – улар енгил ва етказиб бериш осон. Aхир уни ким сотиб олаётганининг аҳамияти йўқ, бунинг устига интернетдаги танлов оддий китоб дўконидагига нисбатан кўпроқ эди.
Жефф Безос компания фаолиятини ўзининг гаражида бошлаган. У китобларни ўзининг сайти орқали сотар ва фаолиятини кенгайтиришни ўйларди.
Жефф китоб мутолаа қилишни яхши кўрар ва ўша пайтда яхши китоб топиш осон эмаслигини яхши биларди. Шу сабабдан интенет дўконини айнан китобларни тезроқ топишга ва яхши китоблар тавсия қилишга йўналтирган эди.












