“Биринчи навбатда банклар хусусийлаштирилиши керак” — Сума Чакрабарти

Ўзбекистон президентининг иқтисодий ривожланиш, бошқарув ва халқаро ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабарти давлат бошқарувида эътибор қаратиш шарт бўлган нарсалар ҳақида тўхталиб ўтди.
“2017 йилда Ўзбекистондаги реформалар бошланган пайтда кўпчиликда иккиланишлар бор эди. Аммо амалга оширилган ўзгаришлар биз кутгандан тезроқ натижа берди. Хусусан, валюта эркинлаштириш сиёсати бунинг бир кўриниши. Бундан кейинги даврда давлат бошқарувида ҳам иккита нарсага эътибор қаратиш жуда муҳим: тўғри қарор чиқариш ва уни тўғри амалга ошириш.
Ўзбекистон тараққиётда илдамлашни истаса, тўғри институционал ривожланиш бўйича ишларни жадаллаштириши керак. Мамлакатда биринчи ўринда банклар хусусийлаштирилиши керак, сабаби ўтиш даврида ислоҳотларнинг тўғри кетма-кетликда амалга оширилиши келажакда уларнинг яхши самара беришига олиб келади. Хусусан, биз ҳозир учрашиб турган Hilton меҳмонхонаси ҳам Тошкент шаҳар ҳокимиятига тегишли, уни хусусийлаштириш керак. Ўтган давр мобайнида бозор ҳам, давлат ҳам кўп нарсани ўрганди.
Ўзбекистон ЯИМнинг 30 фоизига яқинини қишлоқ хўжалиги беради ва бу йўналишда тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш керак. Бу соҳа Ўзбекистон учун бизнес карточка ҳисобланади”.
“Мен супермен эмасман” — Бо Инге Андерссон

UzAuto Motors бош директори Бо Инге Андерссон автомобилсозлик соҳасидаги муаммолар ва келажакдаги режалар ҳақида фикр билдирди.
“Автомобилсозлик саноатида Ўзбекистон ҳали жуда ёш. 1996 йилда бошланган ушбу тармоқда ҳозирги кунгача 3,6 миллион автомобиль ишлаб чиқарилди. Ўзбек бозорида автомобилга бўлган талаб жуда юқори. Мамлакатда ҳар 1000 кишига 77та автомобиль тўғри келмоқда. Таққослаш учун бу рақамлар ҳар 1000 кишига Қозоғистонда 208тани, Россияда 383тани, Германияда эса 555тани ташкил этади.
Айни пайтда компаниямизда 12 минг киши ишлайди, аммо бу тармоқда битта иш ўрни қўшимча тарзда дилерлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳам ҳисоблаганда яна тўртта иш ўрнини яратади. Бу кичик компания мамлакатда 50 минг кишини иш билан таъминламоқда.
Сизда ўз-ўзидан менинг бу ерда нима қилаётганим ҳақида савол пайдо бўлиши мумкин. Мен супермен эмасман. Раҳбарият мендан қулайроқ нархлардаги ва янги моделдаги автомобиллар тақдим қилишимни, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишимизни сўрамоқда. Дастлабки 30 кунлик иш куним давомида бу ерда жуда кўп муаммоларга дуч келдим. Бошқарув соҳасини ислоҳ қилишимиз керак ва албатта бу ишларни амалга оширамиз”.



















