Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти жорий ва келгуси йилда ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича иқтисодий ҳисоботининг янги нашрида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2021 йилда ички инвестициялар, халқаро савдо ва пул ўтказмаларининг тикланиши иқтисодиётнинг 6,2 фоизга ўсишига, шунингдек, ишсизлик ва камбағалликнинг қисқаришига ёрдам беради.

Ўзбекистон иқтисодиётининг сўнгги тенденциялари

2020 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсишининг 1,7 фоизгача секинлашувидан сўнг 2021 йилнинг биринчи ярмида ЯИМ 6,2 фоизгача ўсди. Саноат ва хизмат соҳасининг ишончли ўсиши қишлоқ хўжалигининг суст ўсишини қоплади. Уй хўжаликлари даромади ва ички инвестицияларнинг ўсиши, бюджет маблағларининг инқирозга қарши чораларни амалга ошириш учун сарфланиши, шунингдек, солиқ имтиёзлари 2021 йилда иқтисодиётнинг мустаҳкам ўсишига ёрдам берди.

Олтин экспорти ҳажмини қисқартириш бўйича қарор тўлов балансининг жорий баланси тақчиллигини 2021 йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизигача оширди. Бу кўрсаткич ўтган йили ЯИМнинг 7,3 фоизини ташкил этган эди. Бироқ 2020 йилда савдо ҳамкорларининг мис, тўқимачилик, ўғитлар, озиқ-овқат ва машинасозлик каби маҳсулотларга талаби қисқарганидан кейин ҳозирда ушбу товарлар экспорти тикланмоқда.

Экспортнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,3 фоизга ошди. Хусусий истеъмолнинг ўсиши ва машиналар, ускуналар ва хомашёга бўлган талабнинг тикланиши ҳисобига 2021 йилнинг биринчи ярмида импорт 14,3 фоизга ўсди. Бу савдо баланси тақчиллигининг 2020 йилнинг биринчи ярмидаги ЯИМга нисбатан 16,2 фоизидан 2021 йилнинг биринчи ярмида 18,8 фоизга ошишига олиб келди. Пул ўтказмаларининг барқарорлиги (2021 йилнинг биринчи ярмида ЯИМнинг 8,7 фоизи) салбий савдо балансини бартараф этишга ёрдам берди. 2021 йилнинг биринчи ярмида бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоизни ташкил этди.  

Бюджет тақчиллиги давлат қарзининг ўсиши ҳисобидан молиялаштирилган бўлса-да, номинал ЯИМнинг ўсиши 2021 йилнинг биринчи ярмида давлат қарзининг ЯИМга нисбати ЯИМнинг 38,5 фоизигача камайишига олиб келди.

Ҳукумат 2021 йилда 5,5 миллиард АҚШ доллари чегарасида ўрнатилган ташқи қарзлар бўйича чекловларга риоя қилишнинг уддасидан чиқмоқда. Олтин-валюта расмий захиралари 2021 йил июлда 34,1 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 1,8 миллиард долларга кўпроқдир.

Инфляция даражаси 2020 йил июнь ойидаги 14,7 фоиздан 2021 йил июнь ойида 11 фоизгача камайди. Бироқ бу кўрсаткич озиқ-овқат нархининг ўсиш суръати туфайли ҳали ҳам икки хонали рақамлигича қолаётган эди. Инфляция бўйича кутилмаларнинг ноаниқлик даражасини ҳисобга олиб, Марказий банк базавий ставкани 14 фоиз даражасида қолдирди. Бу кўрсаткич 2020 йил сентябрь ойидан бери ўзгаришсиз қолмоқда.