11 ноябр куни Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31) доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, музокараларда Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, айни пайтда икки томонлама ҳамкорлик доирасидаги лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларга етган.
Учрашувда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва янги иш ўринлари яратиш дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Жаҳон банки билан шериклик бўйича янги Мамлакат дастурини тайёрлаш, инфратузилма лойиҳаларига хусусий инвестицияларни жалб этиш, хусусийлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш ҳамда сув хавфсизлигини таъминлаш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Музокараларда жорий йил декабр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро тараққиёт уюшмаси маблағларини ўрта муддатли кўриб чиқиш бўйича халқаро форумга тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.














