Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида маълумот тарқалди. ИИВ ЙҲХББ ҳолат юзасидан расмий хабар берди.
Жорий йилнинг 1 сентябрь куни соат 14:00ларда, Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани ҳудудидан ўтган 4P-15 "Қизилтоғ-Янгибозор" автомобиль йўлининг 67-километрида ЙТҲ содир бўлган.
Қайд этилишича, ҳайдовчи, 2003 йилда туғилган М.М. (ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган) "Ваз-2107" русумли автомобилда "Янгибозор-Паркент" йўналишида ҳаракатланаётиб рул бошқарувини йўқотган ва йўлдан чиқиб кетиб, чап томонда бўлган бетон деворга урилган.
Натижада, ҳайдовчи М.М. оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Юқори Чирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.












