Коронавирус билан боғлиқ вазият оғирлашгани муносабати билан Россия президенти Владимир Путин мамлакатда 30 октябрдан 7 ноябргача бўлган муддатни ишланмайдиган кунлар сифатида белгилади. Чоршанба куни Россияда кунлик ўлим ҳолатлари бўйича навбатдаги рекорд кўрсаткич қайд этилди. ОАВ маълумотига кўра, Москва расмийлари қисқа муддатли локдаун жорий этиш масаласини муҳокама этмоқда.
Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова 19 октябрь куни Россияда 30 октябрдан 7 ноябргача (4 ноябрь куни Халқ бирлиги куни нишонланади, 5 ноябрдан 7 ноябргача шундоқ ҳам дам олиш кунлари эди) ишга чиқилмайдиган ҳафталик эълон қилишни таклиф этганди. Чоршанба куни у президент иштирокидаги онлайн йиғилишда бу таклифни такрорлаган.
Бундан ташқари, Голикова вазият нисбатан оғир ҳудудларда ишланмайдиган кунлар режимини 23 октябрдан бошлашни, QR-кодларни кенг жорий этишни ва хавф гуруҳига мансуб бўлатуриб вакцина қабул қилмаганлар учун иҳоталаниш режими эълон қилиш бўйича таклифлар берган. Шунингдек, бош вазир ўринбосари россияликларни бошқа регионларга сафар қилишдан тийилишга чақирган.
Ўз навбатида, яна бир бош вазир ўринбосари Андрей Белоусов ҳукумат ишланмайдиган кунлар шароитида бизнесни қўллаб-қувватлаш чораларини тайёрлаганини билдирди. Улардан бири - кичик ва ўрта бизнеснинг чекловлардан зарар кўрган тармоқларида ишловчи бир кишига бир марталик меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини тўлашни назарда тутади. Тўловлар 15 ноябрдан 31 декабргача амалга оширилади.
Белоусовнинг ҳисоб-китобларига кўра, ишланмайдиган кунлар туфайли юзага келадиган қарийб икки ҳафталик танаффус бизнесга тахминан 60 млрд рублга тушади.
Путин Голикованинг таклифларига розилик билдирди. У мамлакатда вакцинация даражаси паст суръатлари сақланиб қолаётганини таъкидлаб, бугунги кунда коронавирусга қарши кураш бўйича қўшимча чораларни жорий этишга зарурат борлигини айтиб ўтган.
Москвада локдаун бўладими?
«Форбс» журнали маълумотига кўра, Москва расмийлари ишланмайдиган кунлар вақтида қисқа муддатли локдаун жорий этишни режалаштирмоқда. Нашр манбасининг сўзларига кўра, 30 октябрдан 7 ноябргача, савдо марказлари, ресторанлар, кафелар, дўконлар, гўзаллик салонлари, кинотеатрлар ва поликлиникаларга киришда чекловлар жорий этилиши мумкин.
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, чекловлар барчага, ҳатто эмланган ва касалликни бошдан кечирганларга ҳам тааллуқли бўлади, QR-код режими жорий этиш ҳозирча режалаштирилмаган.
Шу кунларда Москва мэри Сергей Собянин Путин иштирокидаги ҳукумат мажлисини кутмасдан янги ковид чекловлари ҳақида эълон қилганди. Хусусан, коронавирусга қарши эмланмаган ва 60 ёшдан катта бўлган, сурункали касалликлари бор москваликлар уйдан чиқиши тақиқланганди. Бундан ташқари, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари учун, шунингдек, иш берувчилар учун мажбурий вакцинация талаби қатъийлаштирилган. Шаҳарда Кўп функцияли марказларда ва савдо марказларида COVID-19 га экспресс-тест ташкил қилинган, мактаб ўқувчиларини текшириш бошланган ва метрода ниқоб тақиш устидан назорат кучайтирилган.
















