Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 ноябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
«Бу икки масала ҳам Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида белгиланган муҳим вазифалардан. Халқ билан учрашувларда давлатимиз раҳбари инсон қадрини улуғлаш, муносиб турмуш шароитлари яратиш асосий мақсад бўлишини айтган эди. Буларнинг бош омили эса, аввало, уйли бўлиш, обод ва файзли яшашдир», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда шу борадаги бунёдкорлик ишларининг ташкилий, молиявий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Президент «Янги Ўзбекистон» массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилиши кераклигини таъкидлади.
Яъни, ҳар бир массивда саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади. У ерда одамлар ҳам уйли, ҳам ишли бўлади. Келгуси йили Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 40 та шундай замонавий мавзе барпо этиш мўлжалланган.
«Бағдод туманидаги янги массивни кўрдингиз. Лойиҳа тайёр, энди тажриба ҳам бор. Фақат шу лойиҳани ҳар бир ҳудудга мослаштириш керак. Очиқ танлов ўтказиш жуда муҳим. Очиқлик, ҳалоллик бўлса, сифат бўлади, халқ олдида юзингиз ёруғ бўлади», – деди президент мутасаддиларга.

Қурилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга, ҳар бир ҳудудда ер майдонларини аниқлаб, уларнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Давлат раҳбари эҳтиёжманд оилаларга кўмаклашиш, бошланғич бадал ва фоизлар бўйича субсидия бериш муҳимлигини таъкидлади.
Келгуси йили янги массивларда қуриладиган уйларнинг мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан сотиб олинади. Бунинг учун, қурилиш ташкилотларига 220 миллиард сўм олдиндан ўтказиб берилади.
Йиғилишда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди. Бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
«Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди. Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз. Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.








