9 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев электротехника саноати вакиллари, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар ва инвесторлар билан мулоқот ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда Ўзбекистон электротехника саноатига 2 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 413 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилган.
Шу даврда маиший техника, қуёш панеллари, электрон ҳисоблагичлар ва юқори кучланишли трансформаторлар каби 100 дан ортиқ турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Натижада 2026 йилда соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 50 триллион сўмга етган. Таққослаш учун, 2016 йилда бу кўрсаткич 1,7 триллион сўмни ташкил этган.
Жорий йилда соҳага инвестициялар ҳажми 600 миллион долларга, экспорт эса 1,6 миллиард долларга етган. Ўтган ўн йилда электротехника маҳсулотлари экспорти 14 баробар ошган.
Шунга қарамай, давлат раҳбари эришилган натижалар мамлакатнинг мавжуд салоҳиятига нисбатан етарли эмаслигини таъкидлаган.
Мис ишлаб чиқариш 500 минг тоннага етказилади
Мулоқотда электротехника саноати учун муҳим хомашё ҳисобланган мис ишлаб чиқаришни кўпайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
2026 йилда 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилган. Ушбу лойиҳа ҳисобига мис ишлаб чиқариш ҳажмини 300 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, мамлакатда қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш қувватлари барпо этилаётгани, ҳудудларда йирик қурилиш ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.
Келгуси ўн йилда халқаро ҳамкорлар билан биргаликда умумий қиймати 450 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш мақсад қилинган.
Президент таъкидлаганидек, ушбу лойиҳалар электротехника маҳсулотлари учун улкан ва узоқ муддатли бозор яратади.
Мамлакатда мис ва муҳим минераллар захиралари, салоҳиятли ёшлар, тажрибали тадбиркорлар ҳамда ҳамкорликка тайёр инвесторлар мавжуд. Энди ушбу имкониятларни янги технологиялар ва илғор ишланмалар билан бирлаштириш муҳимлиги қайд этилган.








