Бу ҳақда 9 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар билан мулоқотида маълум қилинди. Тафсилотларни президент матбуот котиби Шерзод Асадов эълон қилди.
Қайд этилишича, электротехника ва унга боғлиқ янги саноат тармоқлари олтита асосий йўналишда ривожлантирилади.
Жумладан:
Кабель саноатида — 2,5 миллиард долларлик 41 та лойиҳа;
Трансформаторлар ва насослар ишлаб чиқаришда — 1,4 миллиард долларлик 29 та лойиҳа;
Саноат робототехникаси ва ускунасозликда — 3 миллиард долларлик 45 та лойиҳа;
Транспорт ва электромобиллар учун электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришда — 650 миллион долларлик 9 та лойиҳа;
Электрон компонентлар ва микроэлектроникада — 3,5 миллиард долларлик 21 та лойиҳа;
Маиший техника саноатида — 600 миллион долларлик 19 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ҳар бир йўналишга масъул раҳбарлар ва асосий буюртмачилар бириктирилади. Уларга таянч инвесторларни жалб қилиш, илмий марказлар ҳамда техника олийгоҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.
Ҳар бир ҳудудда янги технологиялар синов майдончаси ташкил этилади
Йиғилишда илмий тадқиқотлар ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шу мақсадда келажак технологиялари бўйича тадқиқотчиларни саноат корхоналари билан боғлайдиган «Янги саноат» миллий платформаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 майга қадар ҳар бир ҳудудда биттадан тадқиқот ва ишланмалар (R&D) маркази ёки технопаркни янги саноат йўналишларига мослаштириш орқали маҳсулотларни синовдан ўтказиш майдончасини ташкил этиш вазифаси белгиланди.
Мазкур майдончалар йирик корхоналар ва кичик тадбиркорлар ўртасидаги ишлаб чиқариш кооперациясини мустаҳкамлашга хизмат қилади.








