9 ноябр куни бўлиб ўтаётган мулоқотда давлат раҳбари электротехника саноатидаги навбатдаги вазифа фақат ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш эмас, балки катта технологик сакрашга эришиш эканини таъкидлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Хусусан, 2030 йилгача мамлакатда энергия сақлаш қувватларини 4,5 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Хорижлик ҳамкорлар ушбу лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга тайёр, бироқ улар учун зарур бўлган айрим ускуналар ҳозирча Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди.
Шунингдек, мамлакатда видеокузатув ускуналарига талаб ортиб бораётгани қайд этилди. Савдо мажмуалари, корхоналар, турар жойлар ва кўчалар учун бундай ускуналарга ички бозордаги йиллик эҳтиёж 200 миллион долларга етади. Қўшни давлатлар бозори билан биргаликда эса бу кўрсаткич 600 миллион доллардан ошади.
Ҳозирда Бухородаги Digital Security ва Самарқанддаги Samvision корхоналари ўз дастурий таъминоти асосида йилига 2 мингта камера ишлаб чиқармоқда. Президент бундай лойиҳалар сонини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Банкоматлар импорти 50 миллион доллардан ошган
Мулоқотда ички бозорда банкоматларга бўлган юқори талабга ҳам эътибор қаратилди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Ўзбекистонда 9 мингта банкомат харид қилинган ва 50 миллион доллардан ортиқ қийматдаги маҳсулот импорт қилинган.
Савдо-кўнгилочар мажмуалар ва янги турар жой массивлари кўпайиши билан банкоматларга эҳтиёж янада ортиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан президент банкоматларга бўлган талабни аниқ ҳисоб-китоб қилиш, зарур технологиялар ва инвесторларни жалб этиш орқали уларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятларини ўрганиш вазифасини қўйди.
Бундан ташқари, ҳудудларда бошқа юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкониятлари ҳам кўрсатиб ўтилди.
Жумладан:
Тошкент вилоятида — энергия батареялари ва электроника учун юпқа мис фольгаси;
Жиззахда — электромобиллар учун инверторлар ва зарядлаш қурилмалари;








