Бу ҳақда 9 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг электротехника саноати вакиллари, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар билан мулоқотида маълум қилинди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар беришича, мамлакатда юқори технологияли саноатни ривожлантириш учун зарур пойдевор шаклланмоқда.

Хусусан, тўқимачилик, металлни қайта ишлаш, қурилиш ва бошқа соҳалар учун технологик ускуналар ишлаб чиқарувчи ўнлаб корхоналар пайдо бўлган.

Оҳангарон технопаркида микропроцессор модуллари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, кореялик ҳамкорлар билан Тошкент шаҳрида роботлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланган.

Бундай корхоналарни кўпайтириш орқали иқтисодиёт тармоқларини замонавий ускуналар, саноат роботлари ва электроника маҳсулотлари билан таъминлайдиган яхлит экотизимни шакллантириш мақсад қилинган.

Нурафшонда янги технологиялар маркази ташкил этилади

Президент топшириғига кўра, Нурафшон шаҳрида «Келажак технологиялари маркази» ташкил қилинади.

Марказда фаолият юритадиган корхоналарга IT-парк резидентлари билан бир хил имтиёзлар берилади.

Шунингдек:

  • Роботлар, электроника ва технологик ускуналар ишлаб чиқариш учун зарур хомашё ҳамда бутловчи қисмлар импорт божидан озод этилади.

  • Ушбу йўналишдаги илмий ишланмалардан олинган даромадга солиқ солинмайди.

Электротехника экспортини 5 миллиард долларга етказиш имконияти бор

Йиғилишда юқори қўшилган қийматли электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш вазифаси ҳам белгиланди.

Жумладан, қуйидаги лойиҳаларни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда:

  • Андижонда — офис техникаси ва тайёр кабель тўпламлари;

  • Тошкент шаҳрида — серверлар, интерактив панеллар ва сенсорли датчиклар;

  • Қашқадарёда — телевизорлар учун электрон платалар ишлаб чиқариш.