Ўзбекистон | 10:14 / 08.11.2021
8859
2 дақиқада ўқилади

Австрия ташқи ишлар вазири 20 йил ичида биринчи марта Ўзбекистонга келди 

Австриянинг Европа ва ташқи ишлар федерал вазири Михаэль Линхарт Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистоннинг Венадаги элчихонаси маълумотига кўра, ташриф доирасида Австрия ТИВ раҳбари Тошкентда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлигида расмий музокаралар ўтказади.

Учрашувлар чоғида сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари кўриб чиқилади.

Вазир Михаэль Линхартнинг ташрифи доирасида Тошкентда Ўзбекистон-Австрия бизнес-форуми ҳам бўлиб ўтади. Тадбирда икки мамлакат вазирликлари, идоралари ва бизнес тузилмаларининг 200 дан ортиқ вакили иштирок этиши кутилмоқда.

Ушбу ташриф Австрия ТИВ раҳбарининг сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистонга илк ташрифидир. Австрия ташқи ишлар вазири Бенита Ферреро-Вальднер Ўзбекистонга охирги марта 2000 йилда ЕХҲТнинг амалдаги раиси сифатида келган эди.

Таъкидланишича, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар янги даражага кўтарилди. Томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарасида 2018 йил ташқи савдо айланмаси икки баравар ошди ва кейинги йилларда ҳам ижобий ўсиш динамикаси сақлаб қолинмоқда. Бундан ташқари, Австрия компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштироки сезиларли даражада фаоллашди.

Масалан, Тошкент шаҳридаги “Ҳумо-Арена” муз мажмуаси ва “Миллий” стадиони қурилишида Австриянинг “Oberhofer Stalbau” ва “Haslinger Stalbau” компаниялари, “Амирсой” тоғ-чанғи курортини қуриш лойиҳасини амалга оширишда эса “Doppelmayr” компанияси иштирок этган.

Мавзуга оид