Ҳафта муҳокамаси: ҳайкалга кутубхонадан кўра 4 баробар кўп пул сарфланади
Дастлаб Davletov.uz канали Тошкент вилояти ҳокими фармойиши билан Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокировага эҳтиром кўрсатиш мақсадида ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ишлари учун 28 млрд 400 млн ажратилиши борасида ёзди.
Шундан сўнг бошқа блогерлар ҳам бу масалага эътибор қаратди. Хусусан, Bakiroo канали муаллифи шундай деди: “Одатда бюджетнинг орттириб бажарилган қисми чайишга, ҳокимтўра ё амалдорларнинг эҳтиёжларига ёки шунақа оламшумул қийматлардаги ишларга сарфланади”.
Шунингдек, у шунга ўхшаш бошқа кейсга эътибор қаратди.
“Тошкент шаҳар ҳокимияти бюджетнинг орттириб бажарилган қисмига Пушкин ҳайкали жойлашган майдон ва унинг теграсини 35,5 млрд сўмга таъмирламоқчи. Бу майдон ва унинг атрофидаги бинолар 5 йил аввал капитал таъмирланганини ким ҳам эслайди? Хотираси калталар учун эслатма мана бу ерда. Пул борми? Уни албатта ўзлаштириш керак. Қанча қиммат бўлса, шунча яхши!” – дейди у.
Зафар Солижонов амалдорларни халқнинг пулини фойдали нарсаларга сарфлашга чақирди.
“Ғалаба паркида Зулфия Зокирова ва унинг яқинлари учун ёдгорлик мажмуаси бор-ку. Нега яна ҳайкал? Бугун президент қўл қўйиб қасам ичган Қуръони Карим (Ҳашр сураси 10-оятни эсланг) ва ҳадислар (Усмон ибн Аффон р.а.дан келган ҳадис) бўйича вафот этганларни дуо қилишга буюрилганмиз, ҳайкалбозликкамас. Уларнинг авлодига яхшилик қилинса ҳам жамоатчилик эътироз билдирмаса керак, фикримча. Халқники ҳеч кимники дегани эмас. Пулимизни муҳимроқ соҳаларга йўналтиринглар. Бунақада 2025 йилга бориб ўқитувчи ойлиги 1000 долларга етишига ишонасизми?” – деб ёзди у.
Ҳафта воқеаси: чангда қолган ва дарахтсизлик жабрини тортган Тошкент
“Заметки экономиста” канали муаллифи ўтган ҳафтада энг кўп муҳокама қилинган чангда қолган Тошкент мавзусида қизиқ пост жойлади.
“Тошкент ва бошқа бир қанча шаҳарларда бугунги чанг бўроннинг сабаби Уралдан келган вақтинча шамол эмас. Асло. Шамол Уралдан, Қизилқум чўлидан, жанубдан ёки Марсдан келишининг аҳамияти умуман йўқ. Қаердан келса ҳам шаҳар экотизими буларни ўз ичига “ютиб” юбориши ва шаҳар аҳолиси учун табиий фильтр ролини ўйнаб бериши керак эди.







