Англия рекордларни янгиламоқда

I гуруҳи
Англия — Албания — 5:0 (Магуайр, 9. Кейн, 18, 33, 45+1. Ҳендерсон, 28).
Андорра — Польша — 1:4 (Сервос, 45 — Левандовски, 5, 73. Южвяк, 11. Милик, 45+2).
Венгрия — Сан-Марино — 4:0 (Собослои, 6, 83. Гоздог, 22. Вечеи, 88).

Англияликлар учун ўтган турдаги йўқотиш етарли эди, улар ўз уйида бу сафарги саралашни жуда ёмон ўтказган Венгрия билан кутилмаганда дуранг ўйнаб қўйганди ва Қатар йўлланмасини ҳал қилишни кечиктирганди, аммо навбатдаги ўйинда «Уч шерлар» бу вазифани хотиржамлик билан уддалашди. Иккинчи ўриндан умид узмаган Албания ҳам қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди, Магуайрнинг тезкор голидан кейин Пикфорд яккама-якка ҳолатга чиқиб келган Узунини тўхтатишига тўғри келди. Аммо албанлар бу имкониятини йўққа чиқаргач, Кейн Ҳендерсон билан ҳамкорликда ўн дақиқа ичида ҳисобни йирик кўринишга келтиришди (биттадан гол ва пас алмашиб).

Биринчи бўлим ўрталаридан бошлаб майдондаги воқеалар кўпроқ статистиклар учун қизиқ бўла бошлади, инглизлар ўтган аср бошидаги рекордларни янгилашди ёки такрорлашди. Биринчидан, терма жамоа 1908 йилдан буён урилган голлар бўйича энг самарали йилни қайд этди. Ўша йили британлар 39 гол уришганди, ҳозир эса — 42та бўлиб улгурди. Иккинчидан, Кейн 110 йил ўтиб терма жамоа учун қаторасига икки йил камида 10 гол урган иккинчи футболчи бўлди, бунгача бундай натижа фақат икки карра олимпия чемпиони Вивьен Вудворд томонидан қайд этилганди. Биринчи бўлим охирида у қайчи услубидаги зарбаси билан «Уэмбли»ни ҳайратга солиб, натурал ҳет-трикни расмийлаштирди (бир бўлим ичида ҳам икки оёғи ва боши билан голлар урди).
 
Англияликларнинг байрами барибир ёқимсиз ҳолатсиз кечмади. Лячи тўпни узоқлаштириш вақтида Рис Жеймснинг бошига тепиб юборди, шундан кейин «Челси»да ажойиб мавсум ўтказаётган ҳимоячи терма жамоадаги жамоадоши Стоунс билан ҳам тўқнашиб кетди. Трансляция режиссёрлари томошабинлар футболчига қандай тиббий ёрдам кўрсатаётганига гувоҳ бўлмаслиги учун камерани ўчириб туришди.

Майдонга икки замбил олиб чиқилганида, вазият чиндан ҳам жиддийлиги маълум бўлди, аммо Жеймс темир одам бўлиб чиқди. У нафақат ўзига келди, ўйинни давом эттиришга қарор ҳам қилди. Уни фақат ўйин охирида алмаштиришди, Смит Роу миллий жамоада дебют қилди. «Арсенал»дан бўлган ушбу талант Гарет Саутгейт даврида асосий жамоада ўйнаган 48-футболчи бўлди.