Макрон Франция байроғидаги кўк рангни тўқлаштириш ҳақида қарор қабул қилди
Франция президенти Эмманюэль Макрон 2020 йил июлида Франция байроғидаги кўк рангни тўқлаштириш ҳақида қарор қабул қилган. Бироқ бу ҳақда ҳеч қандай расмий баёнот берилмагани сабабли байроқдаги рангнинг ўзгаргани деярли бир йилдан кўпроқ вақт сезилмай келган. Бу ҳақида Le Parisen нашри хабар берди.
ОАВда пайдо бўлган маълумотларга кўра, ўзгариш оқибатида Франция байроғидаги кўк ранг тўқроқ кўриниш олган. Журналистлар Пол Ларатору ва Элиот Блонденинг таъкидлашича, Макрон бу қарорни Елисей саройи директори Арно Жоленс маслаҳатига кўра қабул қилган.
Таъкидланишича, Елисей саройида ушбу ташаббус бўйича якдиллик бўлмаганига қарамай, айни вақтда янги кўринишдаги байроқ Елисей саройи, парламент қуйи палатаси ва ташқи ишлар вазирлиги биноларида ҳилпираб турибди.
Europe 1 нашрининг хабар беришича, ушбу қарор бир нечта сабабларга кўра қабул қилинган. Макроннинг фикрича, биринчидан, тўқ кўк ранг башангроқ кўринади. Жумладан, Франция ва Европа Иттифоқи байроқлари кўп жойларда ёнма-ён туради ва улардаги кўк ранг ўхшаш. Янги кўринишда эса Франция байроғи ЕИ байроғидан яққол ажралиб туради. Иккинчидан, Франция инқилоби рамзи ҳисобланган 1793 йилдаги байроқ ҳам тўқ кўк рангда бўлган ва Макрон уни қайтаришни мақсад қилган.
Бироқ таъкидланишича, Францияда тўқ ва оч кўк рангдаги миллий байроқлар бир неча ўн йиллардан бери параллел равишда қўлланиб келган. Жумладан, Франция ҳарбий-денгиз флоти ва мамлакат бўйлаб кўплаб расмий бинолар айнан тўқ кўк рангдаги байроқдан фойдаланади.
Франция байроғи вертикал йўналган кўк, оқ ва қизил рангдан иборат бўлиб, унинг дизайни Жак-Луи Давид томонидан ишлаб чиқилган ва 1794 йилда миллий байроқ сифатида расман қабул қилинган.
Мавзуга оид
13:52 / 20.11.2024
Франция Ўзбекистонда француз тилини ўргатиш жараёнини йўлга қўяди
23:35 / 15.11.2024
Франция прокуратураси маданият вазирини судга топширишни талаб қилди
20:58 / 12.11.2024
Франциядаги йирик оммавий ахборот воситалари Х ижтимоий тармоғини судга берди
17:01 / 08.11.2024