Ўзбекистон | 20:02 / 15.11.2021
66400
9 дақиқада ўқилади

Пул тўлаб автомобиль ололмаётганлар сони 90 мингга яқинлашди. Бундай UzAuto Motors бизга керакми?

Бир неча йилдан бери ишлаб чиқарилаётган автомашиналар сифатсизлиги, қимматлиги, вақти-вақти билан машиналар нархи асоссиз оширилаётгани сабабли UzAuto Motors компанияси кескин танқидларга учраб келмоқда. Балки муқобил имкониятлардан фойдаланиш вақти келгандир?

Фото: Kun.uz

Турнақатор навбатлар

UzAvtoSavdo_bot маълумотларига таянадиган бўлсак, айни пайтда пулини тўлаб, автомашинасини кутаётган фуқаролар сони 88 932 нафарни ташкил этмоқда. Шундан (2021 йил 15 ноябрь ҳолатига):

  • Lacetti учун 38 462 нафар;
  • Damas учун 27250 нафар;
  • Cobalt учун 16 841 нафар;
  • Spark учун 2935 нафар;
  • Nexia-3 учун 2455 нафар;
  • Тracker учун 989 нафар муайян тўловни амалга ошириб, ўз навбати келишини пойламоқда.

Сотувда нархи аксарият ўзбекистонликларнинг чўнтагига тўғри келмайдиган Маlibu-2, Trailblazer, Equinox каби автомашиналар бор, холос. Компания навбатларни камайтиришга ваъда берган бўлса-да, улар соат сайин ўсишда давом этмоқда.

Соғлом рақобат шароитидаги бозорда таклиф қанчалик кўп бўлса, бу ишлаб чиқарувчининг манфаатларига хизмат қилади. Аммо бугун истеъмолчилар олдида бошқа муқобил танлов йўқ. Шу сабаб одамлар компаниянинг ҳаддан ортиқ қолипланган таклифларга кўнишга мажбур.

Ишлаб чиқариш ҳажми

Статқўмга кўра, Ўзбекистонда енгил автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми бир йил олдингига қараганда 31 фоизга қисқарган: 2021 йил январь-сентябрь ойларида 150 183 дона енгил автомобил ишлаб чиқарилган.

Таққослаш учун, 9 ойликда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар сони 2020 йилда (! айни пандемия даври) 217 771 дона, 2019 йилда эса 186 432 донани ташкил этганди.

Талаб юқори бўлган айрим турдаги автомобиль моделларини ишлаб чиқариш ҳажми эса кескин камайиб кетган. Хусусан, дастлабки 9 ой давомида Spark ишлаб чиқариш қарийб 3 баробарга, Nexia-3 ишлаб чиқариш 3,2 баробар, Cobalt ишлаб чиқариш 27 фоизга, Lacetti ишлаб чиқариш эса 24,8 фоизга камайган.

Компания автосаноатдаги кескин қисқаришни дунё бўйлаб кузатилаётган микрочиплар танқислиги билан юзага келаётганини бот-бот такрорлашдан чарчагани йўқ. Тўғри, ҳақиқатан ҳам жаҳон миқёсида микрочиплар танқислиги кузатилаётгани бор гап. Аммо эркин бозор муҳити шаклланган мамлакатларда бу харидорлар учун ноқулайликлар яратаётгани йўқ, чунки уларда танлов имконияти бор.

Олдиндан пулини тўлаб, автомобилини ололмаётган ўзбекистонликлар сони ошиб бораётган бир вазиятда эса инқироз томон бораётган UzAuto Motorsʼнинг Тожикистон ва Туркманистонда завод очиш бўйича тузаётган шартномаларини тушуниш учун мантиқ етмаяпти.

Маълумот учун: UzAuto Motorsʼга 2021 йилнинг олти ойида 1,9 триллион сўмлик (177,6 млн доллар) божхона имтиёзлари ва преференциялар берилган. Мазкур 1,9 трлн сўмлик имтиёзларнинг асосий қисми божхона божига тўғри келади – 1,64 трлн сўм, шунингдек ҚҚС – 255,6 млрд сўм, акциз солиғидан – 356,7 млн сўмлик имтиёз берилган. Айни шу даврда эса UzAuto Motors 902 млрд сўм соф фойда олган. Берилган имтиёз ва преференциялар ҳамда компания олган фойда нисбати таққосланганда 1 трлн сўм зарар келиб чиқади.

«Лафзсиз» монополист

Бир неча ой олдин компания томонидан янгиланган Chevrolet Captiva тақдим қилиниб, автомобилни етказиб бериш 2022 йилдан бошланиши кўзда тутилганди. Натижада кўплаб инсонлар айнан шу автомашина учун шартнома тузишган. Аммо бугунги кунга келиб, янги машина «бизнинг минтақамизга тўғри келмаслиги» важи билан харидорларга янги Captiva етказиб берилмаслиги маълум қилинмоқда. Ўз-ўзидан саволлар пайдо бўлиши табиий: бозорга янги машина тақдим қилиниб, шартнома тузилишидан олдин, минтақага тўғри келиш ёки келмаслиги ўрганиб чиқилмаганми? Қайси жиҳатлари ва нима сабабдан минтақага тўғри келмаяпти?

Компания пайдо бўлган вазият юзасидан расмий муносабат эълон қилгани ҳам йўқ.

Бундан аввал эса, UzAuto Motors октябрь-ноябрь ойларида Lacetti va Labo етказиб бериш бўйича шартномаларини бажара олмаслигини, шунингдек, Cobalt автомобилларини ўриндиқни иситиш модулисиз сотишини маълум қилганди.

«Ўзавтосаноат» монополиясидан энг кўп норозилик 2020 йил давомида юз берган. Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари компания раҳбарияти вакиллари билан учрашувда ўз эътирозларини билдиришганди.

Кейинроқ, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси автомашиналар нархи ошишини кескин қоралади ва UzAuto Motors’ни монополияда айблади. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам UzAuto Motors автомобиллари нархи оширилиши юзасидан кескин муносабат билдириб, истеъмолчилар ҳуқуқлари камситиб келинаётганини таъкидлаган эди.

Бизга UzAuto Motors керакми?

Бир неча йилдан бери Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар сифатсизлиги, қимматлиги, вақти-вақти билан машиналар нархи асоссиз оширилаётгани сабабли компания кескин танқидларга учраб келмоқда.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, UzAuto Motors билан юзага келаётган муаммоларнинг энг яхши ва энг тўғри ечимини ташқи савдодан излаш лозим. Яъни айнан ташқи савдода муаммолар бўлгани боис ички бозорда бу каби ҳолатлар содир бўлмоқда.

«Келинг, чегараларни қисман очиш қандай натижаларга олиб келиши мумкинлиги борасида фикр юритиб кўрамиз. Тасаввур қилинг, ҳукумат автомобиль олиб кириш учун бошқа барча тўсиқларни олиб ташлаб, импорт қилинган автомобиль учун 10 фоизлик бож жорий қилса ҳамда импорт қилинаётган автомобиллар 15 фоизга тенг қўшилган қиймат солиғини тўласа, унда келиб чиқадики чегарадаги умумий тўсиқлар 25 фоизни ташкил этади (ҳозирги ҳолатдан тахминан 3-4 марта пастроқ). Тўсиқлар кескин пасайиши ортидан миллий заводимиз чет эллик ишлаб чиқарувчиларга ички бозорни бутунлай бой берса (яъни фаолиятини тўхтатса) ҳамда енгил автомобилларнинг йиллик истеъмоли 350 мингтага етса (албатта, истеъмол бу кўрсаткичдан бироз камроқ ёки кўпроқ шаклланиши ҳам мумкин), хўш бу қандай натижаларга олиб келади?

Агар импорт қилинадиган енгил автомобилнинг ўртача нархи тахминан 10 минг долларни ташкил этса, унда янги режимда 10 фоизлик божларнинг умумий тушуми 350 млн доллар ёки тахминан 3,7 трлн сўмни ташкил этади. 15 фоизлик ҚҚСнинг умумий тушуми эса, 525 млн доллар ёки тахминан 5,6 трлн сўмни ташкил этади.

Давлат солиқ қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йилда завод тўлаган солиқларнинг жами миқдори 2 трлн сўмни ташкил этган. Агар эътибор қиладиган бўлсак, ҚҚСдан олинадиган тушумлар завод тўлаган солиқлардан 2,8 марта кўпроқ. Яъни агар ҳукумат юқоридаги қарорни қабул қилса, бюджетга солиқ тушумлари камаймайди, балки қўшимча 3,6 трлн сўмга ошиши мумкин (божлар билан эса бу миқдор янада кўпроқ бўлади). Ўйлайманки, 10 фоизлик бож тушумлари ҳам ҳозир импорт қилинаётган автомобиллардан тушадиган тушумдан анча кўпроқ кўрсаткични ташкил қилади (чунки баъзи манфаатдор гуруҳлар, хусусан, UzAuto Motors, турли имтиёзлар эвазига автомобилларни божларсиз импорт қилмоқда).

Бошқача айтганда, чегарадаги божларнинг мен таклиф қилаётган даражага туширилишидан давлат бюджети ҳеч қандай йўқотишга учрамайди, балки бюджет даромадлари сезиларли миқдорга ошиши мумкин (компанияга боғлиқ бошқа эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи заводлардан келадиган солиқ тушумлари йўқолишини ҳисобга олган тақдирда ҳам катта эҳтимол билан бюджет даромадларида ўсиш кузатилади).

Хулоса шуки, автомобил импорти учун чегарадаги божлар даражасини қисман сақлаб қолиш(жами тўсиқлар тахминан 20-25 фоиз атрофида), нафақат истеъмолчиларга катта ютуқ беради, балки бундай қарордан давлат бюджети даромадларида ҳам сезиларли даражада ўсиш бўлади. Табиийки, умумий фаровонлик ҳам ошади. Фақатгина бундай қарорни қабул қилиш учун кучли хоҳиш ва ирода бўлишининг ўзи кифоя», дейди иқтисодчи.

Импортга асосланган автомобилсозлик

Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш бошланганига (1996 йил) 25 йил бўлди. Бу давр мобайнида компанияга кўплаб имтиёзлар тақдим қилинди, енгилликлар яратиб берилди ва бу айни пайтда ҳам турли кўринишларда давом этяпти.

Ўзбекистон импорти таркибининг сўнгги 20 йилдаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, импорт таркибида машинасозлик ускуналари улуши барқарор равишда 40 фоиз даражада сақланиб қолмоқда. Шунга қарамай, экспорт таркибида машина ва ускуналар улуши 2-3 фоиздан ошмайди.

Машинасозлик маҳсулотлари импорти кескин ошиб бориш характерига эга бўлиб, бу кўрсаткич йилдан йилга ортиб боради, бундай ҳолат эса иқтисодиётнинг техник ва технологик қайта жиҳозланишига олиб келмайди. Натижада маҳсулот ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, таннархи эвазига ҳам янада қимматлашиб кетаверади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ички ишлаб чиқарувчимиз истеъмолчилар талабини қондира олмаётган бир шароитда бошқа яхшироқ имкониятлардан фойдаланиш вақти келгандир, балки…

Достон Аҳроров

Мавзуга оид