Спорт | 15:03 / 16.11.2021
24668
9 дақиқада ўқилади

Россия, Сербия, Ўзбекистон ва Шумахер

Ўзбекистон Японияни қачон ютади?

Фото: ЎФА

Миллий жамоамиз сўнгги йилларда нисбатан кучли ҳисобланадиган бир қатор рақибларга қарши ўртоқлик ўйинларда майдонга тушди. Уругвай, Марокаш, Швеция, Грузия, аввалроқ Украина. Бу ўйинларда миллий жамоамиз мағлубиятга учраганидан ташқари, бошқа бир умумийлик ҳам бор – таассурот нуқтайи назаридан қаралганда, гўёки футболчиларимиз кучли рақиблар фонида ёмон кўринишмади. Ҳужумлар, комбинациялар, хавфли вазиятлар етарлича бўлди ҳам.

Ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олди, ҳар қандай жамоага қарши тенг курашиш мумкин, деган гаплар исботландими демак? Унда нега доим Осиё етакчиларига қарши жамоамиз савияси яққол билиниб қолади? Нега мағлубиятлар шу қадар анъана тусига кирганки, бошқача натижа сенсация ўлароқ баҳоланади? Ахир Европада ҳар ким ҳар кимни ютиши мумкинлигини кўриб келяпмиз-ку...

Келинг, жавобни куни кеча ЖЧ саралашининг Европа томонидаги икки ўйин орқали қидириб кўрамиз.

Россия сафарда Хорватиядан мағлубиятга учради. Ҳисоб атиги 0:1 ва учрашув тақдирини ўйин охирларидаги автогол ҳал қилди. Дуранг русларни тўғридан тўғри Қатарга олиб борарди. Хорватия кучли жамоа ва бу натижа жуда табиий. Лекин ўйиндан кейинги мунозаралар янаям каттароқ масалани ҳам ўртага олиб чиқди. Асосий эътироз, рус футболчилари Хорватияга қарши деярли кураша олишмагани, бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб олингани, бир неча аниқ пасдан ортиғини бера олишмагани, умуман ўйин сифати. Бундай ўйин услуби агар натижа олиб келса, мақтанилади, аммо акси бўлса, натижага қўшиб, икки баробар танқидларга тайёр туриш кераклиги маълум.

Россия иккига бўлинган. Бир томон жамоа ўйини, кураш олиб борилмагани, мураббий ва футболчиларни кескин танқид остига олган. Нариги тараф эса Хорватиянинг даражаси юқори экани, сўнгги ЖЧ вице-чемпионига қарши бошқача ўйнаш бугунги Россиянинг қўлидан келмаслигини айтиб, вазиятга реал баҳо беришга уринмоқда.

Асос ўлароқ ўша куни майдонга тушган икки жамоа футболчилари ўртасидаги фарқни келтиришди. Бир жамоа таркибида Италия, Испания ва Германия чемпионлари, Чемпионлар Лигаси ва ҳатто «Олтин тўп» соҳиби бор. Иккинчи томонда эса, энг «зўри» «Монако»да ўйнайди.

Асосий таркибда Хорватияда ушбу лига вакиллари тушишди: Италия -3, Германия – 3, Англия, Испания, Франция, Россия, Шотландия – 1тадан. Яъни таркибнинг 9 нафари кучли бешликда тўп суради.

Россия сафида биргина Головин Францияда, ўз дарвозасига гол урган Кудряшов эса Туркияда. Қолганлар Россия чемпионати вакиллари.

Бу ҳолатда иккинчи жамоа биринчи жамоани ютиш имкони борми ва қандай? Шунақа савол кўтарилди.

Мунозараларни кечроқ содир бўлган бошқа бир натижа кучайтириб юборди. Сербия сафарда Португалия устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритди. Бу жамоалар таркибида ҳам фарқ катта, тўғрими? Бирида ЕЧЛ, Испания, Англия, Италия чемпионлари ва ҳатто «Олтин тўп» соҳиби тўп сурса, иккинчисида энг машҳури Душан Тадич. Португаллар ўз майдонида тўп суряпти ва дуранг қониқтиради. Сербия ғалаба қозонди. Бўлар экан-ку? Нега руслар шундай қила олишмади? Ҳар ким ҳар кимни ютиши мумкинми футболда? Яна саволни қайтарамиз.

Биласизми, бу икки ўйинни бу контекстда солиштириш нотўғри. Бир қараганда кўринмас, лекин ҳал қилувчи фарқ бор бу ерда.

Ҳа, худди Хорватия Россиядан кучли бўлганидек, Португалия ҳам Сербиядан кучли. Бир қараганда таркибларда бу яққол билинади. Аммо келинг, бу сафар ҳам юқоридаги усулда, номларга қарамасдан таҳлил қиламиз.

Португалия терма жамоасида: Англия чемпионатидан – 6та, Франциядан 4та, Италиядан 1та.

Сербияда Франциядан 3, Италиядан 4, Германиядан 2, Испания, Нидерландиядан 1тадан.

Қизиғ-а, бир жамоанинг устунлиги энди у қадар яққол эмас. Португалияда кучли бешликдан 11 футболчи, Сербияда 10. Агар бу рақамлар ортидаги номларни эътиборга олмасак, мутлақо тенг кучли ёки анча бир-бирига яқин бўлган савиядаги икки рақибни кўрамиз. Тўғрими?

Яъни бу ерда бир жамоа иккинчисидан таркиб сифати борасида яққол устун бўлиши мумкин, лекин доимо иккинчи жамоада ҳам ғалаба қозониш имконияти бўлади. Чунки нариги жамоа таркибидаги футболчилар ҳам айни лигаларда тўп суради, умумий юкламалар, кўникмалар бир хил даражада. Худди баъзида «Кристал Пэлас» «Манчестер Сити»ни ютиши мумкин бўлгани каби. Бу ерда манчестерликлар яққол бир бош устун, лекин «Кристал Пэлас» ҳам бир йилда ўшанча миқдорда, юкламаси юқори бўлган темпда майдонга тушади, мана шу даражадаги курашга кўникма ҳосил қилган бўлади.

Шунинг учун ҳам Сербия Португалия билан ўйинда ғалаба учун ўйнай олади, бунга эришади ҳам. Аммо Россия Хорватия билан бу тарзда очиқ кураша олмайди. Мураббийда унақа имконият ҳам йўқ. Россия Премьер лигасидагина ўзини кўрсатган, ўша чемпионат темпида йил давомида ўйнаб юрган футболчи кучли бешликнинг доимий иштирокчиси бўлган футболчилар билан тенг бўла олмайди. Жуда қийин.

Ўзбекистон миллий жамоаси Грузия ёки Швеция билан бир қараганда тенг ўйнаётгандек кўриниши мумкин, бу ёки ҳалиги вазиятда бошқачароқ ҳаракат қилса, гол уриб, ютиши мумкиндек тасаввур уйғотиши мумкин. Аммо гап натижа кўрсатиш, ғалаба қозониш ҳақида кетганда, умуман бошқача қаршиликка, юкламага дуч келади.

Грузия таркибида кеча майдонга тушган футболчилардан 8 нафари Польша, Россия, Португалия, Украина, Туркия ва Дания чемпионатларида тўп суради. Бизда Шомуродовдан ташқари, араб давлатларида легионер бўлган футболчилар, Корея чемпионати вакили ва қолганлар Суперлигадан. Бу Грузия, агар солиштирув Япония ёки Корея билан бўлса, вазият янада оғирроқ кўриниш олади.

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец. Фото: ЎФА

Тан олиш керакки, йил давомида паст темп ва юкламалар остида ўйнаш кўникмасига эга бўлган футболчилар бир босқич юқорироқ юкламани кўтара олмайди. Бунга ўрганмаган. Фақат миллий жамоа машғулотларида ёки йиғинларида футболчиларнинг бу борадаги муаммосини ечиш имконсиз.

Корея терма жамоаси мураббийи йиғинларда нима қилади? Шунчаки, Ўзбекистон билан ўйнаш тактикасини ишлаб чиқиб, Сон Хин Мин ва унинг шерикларига тушунтириб беради. Сон Хин Мин мураббий кўрсатмаларини бемалол бажаради, чунки у АПЛда қарши келадиган ҳимоячилар босими Ҳошимов ёки Сайфиевникидан юқори. У йил давомида кўрсатган ўйинини яна бир ўйинда кўрсатади, етарли.

Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи нима қилади? Хўп, керакли тактикани ишлаб чиқди ҳам дейлик. Аммо бу вазифаларни майдонда бажаришга келганда, муаммо пайдо бўлади. Чунки, ўзбек футболчилари йил давомида қарши келган босимдан каттароқ темпда ўйнашлари керак. Уларда бундай кўникма йўқ. Йилда 3-4 марта юқорироқ, одатдагидан бошқачароқ юклама асосида яхши ўйнашнинг назарий томондан ҳам имконияти кам. Натижада нафақат мураббий кўрсатмалари ва тактикалари ишдан чиқади, балки рақибга муносиб қаршилик қилиш, ўзи билган футболини ўйнаш имкони ҳам йўқолади.

Кеча «Коммент шоу» дастурида меҳмон бўлган Валерий Карпин Хорватия билан ўйинда футболчилар ҳимоядан ҳужумга чиқиш устида қандай тайёргарлик кўрганини айтиб берди. Аммо ўйин пайтида руслар фақат тўпни узоққа тепиб юбориш билан шуғулланишди, кетма-кет 3 мартадан кўп аниқ пас кузатилмади. Нега шундай бўлди? Албатта, руслар Хорватия футболчилари йил давомида ўрганиб қолган ва бу ўйинда ҳам таклиф қилган юкламага на руҳан, на жисмонан тайёр эди.

Бундай муаммонинг ечими қийин масала. Япония ёки Кореяга қарши муносиб ўйнай олиши ва муҳими, натижага эришиши учун футболчиларимиз улар ўрганиб қолган ва таклиф қиладиган темпда ўйнаш кўникмасини ҳосил қилишлари керак. Ана ўшандагина, мураббийнинг схема ва тактикалари ишлашни бошлайди.  

Бундай кўникма яратиш ҳозирча, ҳатто яқин ўн йилликда ҳам Ўзбекистон Суперлигасида имконсиз. Ягона йўл, футболчиларимизнинг ўша бир бош юқори бўлган лигаларга ўтишлари, у ерлар ўша зарур юкламаларга мослашишлари бўлиб қолмоқда.

Футболчиларимизни ерга урмаган ҳолда айтаман: бир яхши пойгачи «Феррари» билан Шумахерни баъзида ортда қолдириши мумкин. Лекин Шумахер «Жигули»да «Феррари»даги ёмон пойгачини юта олмайди.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид