Сарлавҳа жуда қўпол туйилдими? Бу табиий. Лекин табиий жараёнларнинг энг муқаррари ўлимдир. Айниқса мураккаб касалликларнинг ортга қайтмас босқичларида вазият янада оғирлашади, ҳеч ким тан олишни истамайдиган, лекин ҳамма тушуниб турган ҳолат юзага келади.

Дин ҳам, жамият ҳам ҳали жони узилмаган инсонга кўмак бериш, дардини енгиллатиш, оғриқларини қолдиришни талаб қилади. Бу ишларни амалга ошириш учун комплекс ёндашув зарур ва бу ишлар ҳосписларда бажарилади. Ривожланган мамлакатларда ҳоспислар фаолияти ипидан игнасигача қонунчилик, низомлар ва анъаналарга кўра тартибга солинган.

  • Атама ҳақида: Ҳоспис — тузалмас дардларга чалинганлар, асосан онкологик беморларга касалликнинг сўнгги босқичида паллиатив ёрдам кўрсатувчи тиббий-ижтимоий ташкилот. Яъни ҳар қанча шафқатсиз ва қўпол бўлмасин, ҳоспис ўлим олди ҳолатида беморнинг азобларини енгиллатиш учун хизмат қилади ва у ерга... ўлиш учун борилади.

Бизда бу борада ҳам ўзига хос анъана шаклланган. Оғир ҳолатдаги бемор одатда уйига жўнатилади. Бундан ҳар икки томон ҳам манфаатдор – шифохонада ўлим кўрсаткичи ошиб кетмайди, «бемор ўзи уйида, яқинлари даврасида хотиржам жон беради» деган тушунча жуда мустаҳкам.

Бироқ дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, оғир касалликларнинг сўнгги босқичида, яъни ўлим олдидан бемор бемисл азоб чекади, оғриқлар қийнайди, унинг танасида шундай жараёнлар юз берадики, ҳар қанча яқин қариндоши бўлса-да тиббиётдан узоқ одам малакали ёрдам бериши қийин.

Ҳосписларнинг ҳуқуқий мақоми, иш услуби ҳам турли давлатларда турлича. Айрим ривожланган давлатлар уларга тўла-тўкис тиббий муассаса мақомини берган бўлса, бошқаларида улар кўпроқ ижтимоий кўмак маркази сифатида ишлайди. Ҳосписларнинг молиявий таъминоти ҳам турлича, пуллик ёки давлат томонидан таъминланиши мумкин.

Лекин қатор умумий принциплар борки, уларга деярли ҳамма жойда амал қилинади. Масалан: ҳосписларда сонга эмас, сифатга ишланади. Яъни беморнинг сўнгги кунларини сон жиҳатдан узайтириш асосий мақсад эмас, энг муҳими – ўша кунлар оғриқларсиз ва нисбий хотиржамликда ўтишидир.

Бундай беморларга ҳатто чекишга рухсат берилади, егуликлардан истаги муҳайё қилинади, инжиқликларига кўз юмилади, оғриқ қолдирувчилар бўйича ҳам қатъий чекловлар қўлланмаслиги мумкин.

Савол туғилиши табиий – Ўзбекистонда ҳоспислар борми?

Бизда ҳам бу масала вақти-вақти билан кўтарилади. Сўнгги кунларда блогер Азиза Умарованинг ўз саҳифасида оғир бемор болалар учун ҳоспис ташкил этиш ташаббуси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.