
Латвиядаги вазирлар учрашуви НАТОнинг янги стратегик концепцияси қабул қилиниши арафасида ўтказилди, концепция 2010 йилдан буён янгиланмай келаётганди. Аммо тадбирдаги асосий мавзулар россиялик ҳарбийларнинг Украина билан чегарада тўпланиши ҳамда ЕИ ва Беларусь ўртасидаги миграция инқирози бўлди.
НАТОнинг Латвиядаги ҳарбий иштироки оширилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан бош котиб альянс исталган вақтда регионга 40 минг аскар ташлаши мумкинлигини айтиб ўтди.
«Сўнгги йилларда биз совуқ уруш давридан буён энг кенг кўламли мудофаа ҳаракатларини олиб бордик, Польша ва Болтиқбўйи давлатларида тўртта жанговар гуруҳ туздик, шунингдек, денгиздаги таъсир доирамизни ва жанговар шайлигимизни оширдик. Биз НАТОнинг тезкор ҳаракатлар учун тайёр турадиган қўшинлари сонини 40 мингга етказдик, улар зарурат туғилган ҳолатларда тегишли жойларга ташланади», деган Столтенберг.
Унинг сўзларига кўра, минтақадаги мамлакатларга чегарадаги миграция инқирозини бартараф этишда кўмаклашадиган мутахассислар юборилади
«Биз Лукашенко режими қандай қилиб ожиз одамлардан Польша, Латвия ва Литвага босим қилишда фойдаланаётганини кўриб турибмиз. Бу сурбетлик ва ноинсонийликдир. Биз бу муаммо қаршисида қолган альянс бўйича ҳамкорларимиз билан бирдаммиз. Биз ЕИ билан ҳамкорлик қиламиз - ЕИда ҳам, НАТОда ҳам алоҳида ҳолатда керакли барча инструментлар йўқ, аммо биз биргаликда муносиб жавоб бера оламиз», деган НАТО бош котиби.
АҚШ ҳозирча жим

Латвия президенти Эгилс Левитс АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга Беларусь чегарасидаги сўнгги воқеалар муносабати билан минтақадаги америкалик ҳарбийлар сонини ошириш бўйича мурожаат қилган.
Блинкен ўз чиқишида бу илтимосга аниқ жавоб бермади: унинг сўзларига кўра, бу масала муҳокама босқичида бўлиб турибди.








