Европанинг айрим мамлакатларида пандемия бошланганидан буён коронавирус юқтириш ҳолатлари бўйича рекорд кўрсаткичлар қайд этилмоқда.
Словакияда охирги суткада 15,2 минг янги ҳолат аниқланди – бу энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Германияда ўтган суткада 74,3 минг ҳолат қайд этилди, 400га яқин киши касаллик асоратларидан вафот этди. Мамлакатда аҳолининг 68,8 фоизи коронавирусга қарши эмланган.
Чехияда ҳам юқори кўрсаткич қайд этилмоқда. Охирги 24 соат ичида мамлакатда 18,5 минг ҳолат аниқланди.
Данияда ҳафта ўртасида суткалик касалланиш ҳолатлари бўйича рекорд қайд этилди – 5 мингдан ортиқ ҳолат. Сўнгги суткада эса 4,8 минг кишида касаллик аниқланган. Мамлакатда “омикрон” штаммини юқтириш билан боғлиқ 14та ҳолат қайд этилган.












