5 ноябрь куни Болгария пойтахти Софияга парвоз қилаётган Ryanair авиакомпаниясининг учта самолётига бортда бомба борлиги ҳақида хабарлар келди: Мадриддан FR6410, Копенҳагендан FR3606 ва Лондондан FR1730 рейслари. Самолётларни кузатиб бориш учун Болгария Ҳарбий-ҳаво кучларининг МиГ-29 қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилди. BBC барча маълумотларни тўплади.

Болгария транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, Лондондан учган рейс авиакомпания ва экипаж қарори билан Пловдивга йўналтирилган, қолган иккитаси режа бўйича қўнган.

Самолётларнинг ҳеч биридан портловчи қурилмалар топилмади.

Таҳдидлар олган Ирландиянинг Aer Lingus авиакомпаниясининг Дублиндан Римга учаётган рейси ҳам йўналишини ўзгартирди: самолёт Франция шимолидаги Эврё ҳарбий аэродромига қўнди. Самолётни Rafale қирувчи самолёти кузатиб борди, деб ёзади Figaro. BFMTV хабарига кўра, Франция ҳукумати таҳдид ҳақидаги хабарни италиялик ҳамкорларидан олган.

Миландан Варшавага учаётган WizzAir’нинг W46387 рейси Венага йўналтирилди, худди шу Миландан Бухарестга учган W43064 рейси эса режа бўйича қўнди.

Шунингдек, FinnAir’нинг AY1761 (Хельсинкидан Римга) ва AY1471 (Хельсинкидан Венага), Польшанинг LOT LO235 (Варшавадан Брюсселга), Грециянинг Aegean Airlines A3552 (Салоникидан Миланга) ва Ryanair’нинг яна бир рейси — Портудан Миланга учган FR8953 рейсларига ҳам бомба ҳақида хабарлар келиб тушган.

Уларнинг барчаси белгиланган аэропортларга қўнди.

Бундан ташқари, Прагага учаётган тўртта самолёт ҳам бомба ҳақида хабар олди. Полиция улар учиб келгач кўздан кечириб, ҳеч қандай портловчи қурилма топмади; айнан қайси рейслар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмаган.

Хабарлар ортида ким тургани номаълум. Болгария Ички ишлар вазирлиги вакили Любомир Николов таҳдидлар электрон почта орқали олингани ва нафақат самолётларга, балки «турли муассасаларга» ҳам тааллуқли эканлигини айтган эди.

Италиянинг ANSA агентлиги терговга яқин манбаларга таяниб ёзишича, иккита рейс бортидаги бомбалар ҳақида битта аноним электрон мактубда хабар қилинган.

Хатнинг сарлавҳасида «таҳдид ҳақида хабар» деб ёзилган.

Ryanair компанияси «таҳдид ҳақида хабар» ёзилган хат олганини тасдиқлади. У «феминистик режим»га қарши курашаётган ва «тарихда ўз изини қолдирмоқчи» бўлган «эркаклар давлати жангчилари» томонидан имзоланган. Электрон хатда улар самолётларни портлатиб, «осмонни қизил рангга бўяш» билан таҳдид қилишган.