15:56 / 28.12.2021
29003

Николай Ширшовнинг ўлими сабаби маълум бўлди

Фото: ЎФА

Бугун, 28 декабрь куни 47 ёшда вафот этган Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ футболчиси Николай Ширшовнинг ўлими сабаби маълум бўлди.

DonDay.ru сайти марҳумнинг ҳамкасбларига таяниб хабар беришича, Николай Ширшов қон томирларидаги тромбнинг бехосдан ёрилиши оқибатида вафот этган.

Николай Ширшов сўнгги йилларда Ростов шаҳридан 50 километр узоқликдаги Новошахтинск шаҳрида яшаб, маҳаллий жамоада мураббий сифатида фаолият юритган. 

Фото: Getty Images

Маълумот учун, 1974 йил 22 июнь куни Тошкентда туғилган Николай Ширшов катта футболдаги фаолиятини 1991 йилда СССР қуйи лигасида «Свердловец» клубида (Тошкент вилояти) бошлаган. Кейинги 8 мавсумни Ўзбекистон чемпионатида ўтказган ва «Пахтакор»нинг асосий таркибида ўйнаган.

2000 йилдан Россия чемпионатида тўп сура бошлаган. 2000—2005 йилларда Премьер-Лигада «Ростсельмаш» / «Ростов» шарафини ҳимоя қилган. Кейин қуйи дивизионларда Ростовнинг СКА (2006—2007), «Батайск-2007» (2008—2010), «Таганрог» (2010) клубларида ҳам ўйнаган. 2011 йилда МИТОС сафига ўтган ва 2013 йилда футболчилик фаолиятини якунлаганди.

У 1996 йилнинг 19 ноябрида БААга қарши ўртоқлик учрашувида  (4:2) миллий жамоада дебют қилган ва 2005 йилга қадар асосий жамоада 63 ўйинда иштирок этиб, 13 гол урган.

Top